“Қалжат” қуруқ порти Хитойдан юк ташиш ҳажмини оширади - Алмати вилояти ҳокими

Алмати
Фото: Алмати вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

ALMATY. Kazinform -2023 йил якуни бўйича Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Алмати вилояти ҳокими Марат Султанғазиев Шинжон-Уйғур автоном райони делегацияси билан расмий учрашув ўтказганини маълум қилди, дея хабар беради Kazinform агентлиги ҳокимлик матбуот хизматига таяниб.

Вилоят раҳбари вилоятда иқтисодий алоқаларни модернизациялаш ва мустаҳкамлаш борасида фаол ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

- Савдо айланмасини янада ошириш мақсадида “Қалжат” қуруқ порти номли халқаро рақамли транспорт-логистика хабини жорий этиш режалаштирилган. Логистика ва савдо соҳасида бизнесни ривожлантириш учун замонавий майдон қуриш лойиҳасига маҳаллий инвесторлар қизиқиш билдирган. Лойиҳа Хитойдан юк ташиш ҳажмини оширади ва транспорт-юклаш майдончаси вазифасини бажаради”, — деди Марат Султанғазиев.

Алмати
Фото: Алмати вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Вилоят ҳокими минтақада халқаро алоқаларни ривожлантириш борасида сезиларли ютуқларга эришаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, муваффақиятга эришишга иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани сабаб бўлмоқда.

-Қўшма сармоявий лойиҳаларнинг амалга оширилиши нафақат иқтисодий ўсиш, балки хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда. Бунинг самарасида вилоятимиз турли мамлакатлардан келган инвестор ва тадбиркорлар учун тобора жозибадор бўлиб, ҳар томонлама фаровонлик ва тараққиётга хизмат қилмоқда, – деди Марат Султанғазиев.

Шинжон-Уйғур мухторияти халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз Қозоғистон ва ШУАР ўртасида савдо, саноат, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги, туризм каби турли соҳаларда муваффақиятли ҳамкорлик олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у Алмати вилояти ва ШУАР ўртасида қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ҳамкорлик истиқболларига ишонч билдирди.

Алмати
Фото: Алмати вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

- Қозоғистоннинг асосий транспорт йўналишлари кесишмасида жойлашган Алмати вилояти логистика ва савдони жадал ривожлантиришга кўмаклашувчи стратегик марказ ҳисобланади. Унинг Алмати шаҳри ва Хитой чегарасига яқинлиги бу ҳудудни нафақат муҳим транспорт марказига, балки юк ва йўловчи ташиш ҳажмини оширишнинг кучли катализаторига ҳам айлантиради. Бу ҳудудлар ўртасидаги самарали алоқани таъминлаб, ҳам минтақавий, ҳам давлат миқёсида иқтисодий тараққиётга хизмат қилмоқда, – дейди Эркин Тунияз.

Якунда у иқтисодиётнинг турли соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда аввал эришилган келишувлар амалга оширилишига ишонч билдирди.

Алмати
Фото: Алмати вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

 

Сўнгги хабарлар