Кўзи ожизлар учун клавиатура ихтиро қилган қозоғистонлик ўқувчилар Мексикада ўтказилган халқаро олимпиадада кумуш медални қўлга киритишди

None
None
AQTÓBE. Кazinform - Кўзи ожизлар учун клавиатура ихтиро қилган ақтўбелик мактаб ўқувчилари Мексикада ўтказилган халқаро олимпиадада совринли ўринларни қўлга киритди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Ақтўбе шаҳридаги Назарбоев интеллектуал мактабининг 10-синф ўқувчилари Жаннур Айип ва Данияр Чутенев Expo Sciences Меxicо халқаро виртуал олимпиадасида кумуш медални қўлга киритди. Олимпиадада улар кўзи ожизлар ва заиф кўрувчилар учун «Braille Board» номли клавиатура лойиҳасини тақдим этишди. Ўқувчилар йил давомида мазкур лойиҳани такомиллаштирмоқда.

«Бизнинг қурилмамиз олтита тугмачадан иборат. Ушбу олти тугмани босиш орқали компьютерга ҳарфлар ёки белгилар киритиш мумкин. Келажакда патент олишни режалаштирганмиз. Чунки бу ҳақиқатан ҳам ноёб лойиҳа», - деди Жаннур Айип.



Мактаб ўқувчилари ясаган клавиатура кичкина. У ҳатто кафтга ҳам сиғади. Ўқувчилар янги қурилмани Ақтўбе шаҳар кўзи ожизлар ва заиф кўрувчилар кутубхонасига олиб бориб, клавиатурани синовдан ўтказишди.

«Клавиатурадан кутубхоначи бир ҳафта фойдаланди. Ҳеч қандай кўрсатмасиз, у дарҳол фойдалана олди. Яъни Брайль алифбосини биладиганлар учун қийин эмас», - дейди Жаннур Айип.

Кейин фойдаланувчи нима ёзаётганини ҳис қилиши мумкин бўлган дисплей яратиш ғояси пайдо бўлди. Ҳозирда бу йўналишда икки нафар ўқувчи ишламоқда.

Эслатиб ўтамиз, Expo Sciences Mexico халқаро олимпиадасида 17 давлатдан 61 жамоа иштирок этди. «Компьютер ва робототехника» номинациясида Жаннур ва Данияр иккинчи ўринни эгаллади.

Муаллиф: Алтинай Сағиндиқова


Сўнгги хабарлар