Кўпгина давлатлар фуқароларини Судандан эвакуация қилишда давом этмоқда

None
Фото: aa.com.tr
İSTANBUL. АNADOLY – Кazinform – 15 апрелдан бери армия ва Тезкор ҳаракат кучлари (ТҲК) ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этаётган Судандан дунёнинг кўплаб давлатлари дипломатик ваколатхоналари ва уларнинг фуқароларини эвакуация қилишда давом этмоқда, дея хабар беради Кazinform «Анадолу»га таяниб.

Туркия, АҚШ, Хитой, Россия, Буюк Британия, Франция, Саудия Арабистони, Эфиопия ва Миср каби 50 дан ортиқ давлат фуқароларни денгиз, ҳаво ва қуруқлик орқали эвакуация қилишни ташкил қилди.

Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушоглу Анқара Судандан 2061 кишини эвакуация қилганини, улардан 1763 нафари Туркия, 298 нафари эса 22 давлат фуқаролари эканлигини маълум қилди.

Вазир Судан ҳукумати дипломатик ваколатхонага янги бино ажратишга ваъда бериб, Туркия элчихонасини вақтинча Хартумдан Порт-Суданга кўчиришни таклиф қилганини таъкидлади.

«Аслида, биз аллақачон қарор қабул қилганмиз, чунки таваккал қила олмаймиз. Агар можаро авжига чиқса, пойтахтдан чиқиш қийин кечади. Биз элчихонани вақтинча Порт-Суданга кўчириш имкониятини кўриб чиқяпмиз», – деди дипломатия раҳбари.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Туркия кўмагида республиканинг 26 фуқароси Судандан эвакуация қилинганини маълум қилди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби ёрдамчиси Ведант Пательнинг айтишича, 29 апрель куни Порт-Суданга учта автоколонна етиб келган ва АҚШ ҳукумати 700 дан ортиқ америкалик фуқароларга ёрдам берган. Пательнинг таъкидлашича, АҚШ ҳукумати фуқароларни имкон қадар тезроқ эвакуация қилиш учун соатлаб ишлаяпти.

Россия учинчи ҳафтадан бери жанглар давом этаётган Судандан 200 дан ортиқ россиялик дипломат ва оддий фуқаролар эвакуация қилинганини эълон қилди.

2 май куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Суданда жойлашган хорижий элчихоналар кўмагида олти нафар Қозоғистон фуқароси яқин давлатлар орқали эвакуация қилинганини маълум қилди. Улар Иордания, Амирликлар, Саудия Арабистони, Жидда ва Эфиопияга етказилди. ЮНИСЕФ ходими бўлган Қозоғистоннинг бир фуқароси ЮНИСЕФнинг Иорданиядаги кампусига жойлаштирилди. Яна бир қозоғистонлик ўз илтимосига кўра БААда қолишга қарор қилди. Қозоғистонга тўрт нафар қозоғистонлик етиб келди.

Франция Ташқи ишлар вазирлиги 27 апрель куни Судандан 936 киши эвакуация қилингани ҳақида хабар берди. Эвакуация қилинганлар орасида Франция фуқаролари, шунингдек, британияликлар, америкаликлар, канадаликлар, эфиопияликлар, голландлар, италияликлар ва шведлар бор.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Насир Канани Суданда можаро бошланганидан бери 65 нафар Эрон фуқароси эвакуация қилинганини айтди.

Миср ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, 15 апрель куни қуролли қарама-қаршилик бошланганидан бери Судандан 5300 дан ортиқ фуқаро эвакуация қилинган.

Эвакуация доирасида 28 апрель куни мамлакатга яна 2648 мисрлик келтирилди: 1365 нафари қуруқлик ва 1283 нафари ҳаво йўли орқали. Агентлик маълумотларига кўра, Суданда 10 мингдан ортиқ мисрлик истиқомат қилади.


Сўнгги хабарлар
telegram