Италия Қозоғистон фуқароларига тез виза бериш масаласини қачон ҳал қилади
Тез орада Италия томонидан Қозоғистон фуқароларига тезкорлик билан виза бериш масаласи ҳал бўлади, деб хабар беради Kazinform.

Куни кеча Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистлар Италия Қозоғистон фуқароларининг виза аризаларини кўриб чиқиш учун жуда узоқ вақт талаб қилаётганини айтиб, бу масала қачон ҳал бўлишини сўради.
Ўз навбатида, ТИВ расмий вакили Айбек Смадияров ушбу масала бўйича Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига Италия консули ва элчиси таклиф этилгани, ўзаро фикр алмашилганини маълум қилди.
“Алмати ва Милан ўртасида тўғридан-тўғри рейс бор. У ерга кўплаб йўловчилар боради. Бунгача Италия элчихонасига визалар учун хусусий компания хизмат кўрсатган. Улар ушбу компания билан тузилган шартномани бузишди ва ҳужжатларни эҳтиёткорлик билан ва тез қайта ишловчи бошқа компанияни ишга олишди. Яъни, италиялик дипломатлар бу борадаги ишлар тез ва сифатли амалга оширилишини таъкидламоқда. Шу боис масаланинг келажакда ҳал бўлишига ишонаман”, - деди расмий вакил.