Италия халқаро тинчликпарварлик миссияси доирасида Ғазо секторига қўшин юборишга тайёр
ASTANA. Kazinform – Италия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Исроил ва Фаластинга ташриф буюрди, деб хабар беради Kazinform.

Италия араблар бошчилигидаги тинчликпарвар миссияси доирасида Ғазо секторига қўшин юборишга тайёр ва бу ечим минтақада муҳим рол ўйнаши мумкин, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таяни исроиллик ҳамкасби Гидеон Саар билан Қуддусда ўтказган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади The Times of Israel.
"Тинчлик Италия учун сиёсий устуворликдир. Агар араблар бошчилигидаги халқаро тинчликпарвар миссияси ташкил этилса, биз уни ҳамкорлик, иқтисодий ёрдам, шунингдек, Ғазога қўшин юбориш билан қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, – деди Таяни.
Италия БМТнинг Ливандаги вақтинча тинчликпарвар кучлари миссиясига 1000 дан ортиқ аскарлари билан энг кўп қўшин киритувчи давлатлардан бири ҳисобланади.
“Италия Исроилни қўллаб-қувватлайди, шунингдек, фаластинликлар билан жуда яхши алоқаларни сақлаб туради; шунинг учун биз минтақада муҳим рол ўйнашимиз мумкинлигига ишонамиз”, – дейди Таяни.
Душанба куни Италия дипломатияси раҳбари Ғазо секторида сулҳ бошланганидан кейин Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида Исроил ва Фаластинга ташриф буюрди.
Таяни ташриф доирасида Ғарбий Соҳилдаги Рамаллаҳда Фаластин Бош вазири Муҳаммад Мустафо билан ҳам учрашди.
“Яқин Шарқ учун ҳал қилувчи паллада, Ғазода сулҳнинг бошланиши ва биринчи гаровга олинганларнинг озод этилиши туфайли, менинг Исроил ва Фаластиндаги миссиям Италиянинг минтақада тинч келажак қуришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди”, – деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.
In un momento cruciale per il Medio Oriente, grazie all’inizio della tregua a #Gaza e al rilascio dei primi ostaggi, la mia missione in #Israele e #Palestina vuole confermare l’impegno 🇮🇹 per costruire un futuro di pace nella regione. Al Ministro @gidonsaar al PM 🇵🇸Mustafa ho… pic.twitter.com/MfoU9NrvLV
— Antonio Tajani (@Antonio_Tajani) January 20, 2025