Италия Албанияда ноқонуний муҳожирларни қабул қилиш марказларини қуради

Италия Албанияда минглаб ноқонуний муҳожирларни жойлаштириш учун иккита марказ қуради. Бу ҳақда Италия бош вазири Жоржа Мелони Римда Албания бош вазири Эди Рама билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар беради Каzinform агентлиги BBC Newsга таяниб.

Италия ва Албания бош вазирлари
Фото: BBC

Мелони сўзларига кўра, келгуси йил баҳорида очиладиган марказлар йилига 36 минг нафаргача одамни қабул қила олади.

Бу Италия кемалари томонидан Ўрта ер денгизидан қутқарилган муҳожирларга мўлжалланган.

Улар бошпана ҳақидаги аризалари кўриб чиқилгунга қадар ушбу марказларда қоладилар. Мелони, шунингдек, режа ҳомиладор аёллар, вояга етмаганлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадаги одамларга тааллуқли эмаслигини айтди.

Қурилиши Италия томонидан молиялаштириладиган марказлар ҳар ой 3000 кишини қабул қилади. Мигрантлар бошпана ҳақидаги аризалари кўриб чиқилгунга қадар ва зарурат туғилганда ватанига қайтарилгунига қадар у ерда қолишлари мумкин.

Марказлар Шенжин портида ва Албания шимоли-ғарбидаги Гьядер туманида қурилади. Албания муҳожирларнинг хавфсизлигини таъминлайди.

Мелони, Албаниянинг Европа Иттифоқига киришини қўллаб-қувватлаганини ва "Албания асосан Европа давлати" эканлигини айтди.

Бунга жавобан Албания Бош вазири Эди Рама Италия билан муносабатларга илиқ муносабат билдирди ва 1990 йилларда коммунистик режим қулагандан кейин итальян халқи ва ташкилотлари албанларга ёрдам берганини айтди.

Ўнг қанот “Италия биродарлар” партияси раҳбари Жоржа Мелони ўзининг миграцияга қарши қарашлари билан танилган. Бош вазир бўлганидан бери у ноқонуний миграцияни чеклаш чораларини эълон қилди.

Жорий йилда Италияга 145 мингдан ортиқ муҳожир келган, бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 52 мингга кўпдир.

Сўнгги хабарлар