ІТ-кадрлар Қозоғистон таълим муассасаларида қандай тайёрланади
ҚР Фан ва олий таълим вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Қозоғистондаги 76 та олий таълим муассасасида ІТ йўналиши бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Тегишли стандартларга мувофиқ, академик ва бошқарув эркинлиги доирасида олий таълим муассасалари мустақил равишда таълим дастурларини ишлаб чиқадилар. Таълим дастурлари реестри яратилмоқда. Ушбу реестрга ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 537 та дастур киритилган. Уларнинг 33 таси инновацион, 172 таси янги дастурлардир. Хусусан, «Дастурий таъминот инжиниринги», «Компьютер технологиялари», «Соғлиқни сақлаш соҳасида ІТ йўналиши», «Дизайндаги амалий информатика», «Бизнес таҳлили ва ІТ-лойиҳаларни бошқариш», «Компьютер бошқариш тизими ва робототехника», «Кибер хавфсизлик«, «Нефт ва газ соҳасидаги ахборот технологиялари«, «Ахборот тизимини ҳимоя қилиш«, «Автоматлаштириш ва ишлаб чиқаришни бошқариш«, «Сунъий интеллект технологияси« каби йўналишлар мавжуд.
Таъкидлаш жоизки, «Янги касблар атласи»да ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида олтита ўзгарувчан ва 40 та янги касблар белгиланган.
Лойиҳаларни амалиётга татбиқ этаётган мутахассислар ёшларни тарбиялашга сафарбар этилмоқда. Бундан ташқари, улар талабаларни лаборатория даражасида тайёрлайдилар. Масалан, ўқув йили бошидан буён олий таълим муассасаларига 2 мингдан ортиқ IT-мутахассис жалб этилди.
Талабалар IT-компания ва корхоналарда амалиёт ўтайди. Шу боис соҳанинг сир-асрорларини ўрганиш учун тегишли шароитлар яратилмоқда. Ушбу мутахассислик бўйича таълим олиш учун абитуриентлар IT соҳасида лицензияга эга бўлган университетларга киришлари керак.
2021 йилда 15 177 киши IT-таълим йўналишида рўйхатдан ўтган. Улардан 8 минг 498 нафар абитуриент давлат таълим буюртмаси доирасида қабул қилинган. Ўтган йили IT йўналишини 9147 киши битирди.
«Атласдаги маълумотларга кўра, IT соҳасида янги мутахассисликлар пайдо бўлмоқда. Улар орасида IT-ахлоқ бўйича маслаҳатчи, кибер терговчи, сунъий нейрон тармоқлар дизайнери, киборгизация бўйича инструктор, рақамли ривожланиш бўйича репетитор, киберҳимоячи, кибер-скиллингер – рақамли кўникмаларни яратувчиси бор», — дейилади вазирлик хабарида.
Олий таълим муассасаларида янги мутахассислик атлас ва касбий стандартлар асосида ахборот-коммуникация технологиялари йўналиши бўйича янги таълим дастурлари ишлаб чиқилди.
Улар орасида дастурий инжиниринг, компютер технологиялари соҳасидаги илм-фан, киберфизик тизимлар, маълумотлар фани, роботлаштирилган дронлар, IT-менежмент, IT-тадбиркорлик ва рақамли иқтисодиёт каби дастурлар ҳисобга олинган.