Истанбулдаги черковда бир киши отиб ўлдирилди
İSTANBUL. Кazinform – Якшанба куни эрталаб икки қуролли шахс Истанбулдаги христиан черковида ўт очди. Қасддан уюштирилган ҳужумда бир киши ҳалок бўлди. Шубҳали шахслар қидирилмоқда.

TRT Haber хабарига кўра, отишма маҳаллий вақт билан соат 11:40 атрофида Истанбулнинг Сариер туманидаги Авлиё Марям черковида содир бўлган.
Жиноят сабаблари ҳозирча номаълум, бироқ турк расмийлари ҳужум қурбон бўлган кишига қаратилган деб ҳисобламоқда.
Ташқи кузатув камераси тасвирлари шуни кўрсатадики, икки ниқобли қуролланган шахс черковга кириб келган.
Жабрланувчини ўлдиргандан сўнг, иккаласи тезда изларини яширишди. Улар ҳали топилмади.
Марҳумнинг шахси ҳозирча номаълум. Воқеа жойида бўлган Туркия ички ишлар вазири Али Эрликая марҳумнинг исми-шарифининг фақат бош ҳарфларини тилга олди: С. Т.

ВВСнинг ёзишича, ўлдирилган одамнинг укаси маҳаллий ОАВга интервью берган. Унинг сўзларига кўра, марҳум 52 ёшда бўлган, тез орада насронийликни қабул қилишни ўйлаб юрган, бироқ ҳали чўқинтирилмаган.
Яна бир қариндошининг айтишича, марҳумнинг руҳий касаллиги бор, шунинг учун уни қасддан ўлдиришга асос йўқ.
Туркия Президенти Режеп Таййиб Эрдоған ҳамдардлик билдириб, қотиллар “24 соат ичида” топилишини маълум қилди.
Отишма содир бўлган черков XIX асрда қурилган бўлиб, Истанбулнинг Европа қисмидаги Босфор бўғози яқинидаги балиқ бозори яқинида жойлашган.
Шаҳар мэри Экрем Имамоғлу Х ижтимоий тармоғида (собиқ Twitter) шундай деб ёзди:
“Шаҳримиздаги диний масканларга ҳужум қилиб, ҳамжиҳатлигимиз ва тинчлигимизни бузишга интилаётганларнинг ўз ниятларини амалга оширишига ҳеч қачон йўл қўймаймиз”.
Рим папаси Франциск ҳам ҳамдардлик билдирди.
Туркияда насронийларга қарши ҳужумлар жуда кам учрайди.
Имамоғлунинг сўзларига кўра, бу ерда мусулмонлар ва насронийлар тинч-тотув яшамоқда ва маҳаллий аҳоли бу ҳолатдан ҳайратда.