Исроилнинг Ғазодаги турар-жой биносига уюштирган зарбаси оқибатида 12 бола ҳалок бўлди

Исроилнинг Ғазодаги турар-жой биносига уюштирган зарбаси оқибатида 12 бола ҳалок бўлди
Фото: Abed Rahim Khatib/dpa

Исроилнинг Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳридаги турар-жой биносига берган зарбаси натижасида 12 нафар бола ва 4 нафар аёл ҳалок бўлди. Бу ҳақда пайшанба куни шифокорга таяниб CNN хабар берди.

Унга кўра, жами 21 киши ҳалок бўлган, ўнлаб кишилар яраланган.

Аввалроқ Al Jazeera Исроилнинг ҳужуми натижасида Рафаҳда камида 20 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди.

7 октябрдан бери Исроил ҳужумларида 20 400 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. ХАМАСнинг 7 октабр куни Исроилга ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганларнинг қайта кўриб чиқилган сони 1139 кишини ташкил этади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг билдиришича, Ғазо секторидаги икки миллионга яқин аҳоли озиқ-овқат ва сув танқислигида. Мавжуд сув захираларининг тахминан 96% инсон истеъмоли учун яроқсиз. Асосий эҳтиёжлар, жумладан, тоза ичимлик суви ва дори-дармонлар кескин танқислиги кузатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ҳукумати Ғазо сектори жанубидаги аҳолини эвакуация қилишга буйруқ бергани хабар қилинганди. Шунингдек, қатор нашрлар Исроил ва ХАМАС ўртасида гаровга олинганларни алмашиш бўйича янги келишув бўйича музокаралар яқин келажакда бошланиши мумкинлигини ёзган, бироқ ХАМАС раҳбари Исроил билан сулҳ тузишдан бош тортган.

Сўнгги хабарлар
telegram