Исроиллик раввинни ўлдиришда Ўзбекистоннинг 3 фуқароси гумон қилинмоқда
ASTANA. Kazinform – БАА Ички ишлар вазирлиги исроиллик раввинни ўлдиришда гумон қилиниб, БААда ҳибсга олинган уч нафар гумонланувчи Ўзбекистон фуқаролари эканини маълум қилди. Улардан иккитаси 28 ёшда, учинчиси 33 ёшда, деб ёзади Gazeta.uz.
БААда ҳибсга олинган ва Исроил раввинини ўлдиришда гумон қилинаётган уч нафар гумонланувчи Ўзбекистон фуқаролари экани маълум қилинди. Бу ҳақда Emirates News Agency давлат ахборот агентлиги мамлакат Ички ишлар вазирлиги баёнотига таяниб маълум қилган.
БАА ИИВ гумонланувчиларнинг исм-шарифини маълум қилди: Олимбой Тоҳирович (28 ёш), Маҳмуджон Абдураҳим (28) ва Азизбек Комилович (33). Вазирлик, шунингдек, қўлига кишан солинган ва юзларини беркитган уч нафар эркакнинг суратларини ҳам эълон қилган.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинганларга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва «жиноят тафсилотлари, ҳолатлари ва сабабларини очиш учун зарур тезкор чоралар кўришга содиқлик» таъкидланган.
28 ёшли раввин Цви Коган ўтган ҳафта Дубайда бедарак йўқолган, у ерда Коган кошер маҳсулотлари дўкони эгаси бўлган. Кейинчалик у Уммон билан чегарадош Ал-Айн шаҳрида ўлик ҳолда топилган.
Шунингдек, Молдова фуқаролигига эга бўлган Коган Абу-Дабидаги «Хобод» яҳудий диний ҳаракатининг вакили бўлиб, бир неча йил БААда яшаган.
Исроил ҳукумати раввиннинг ўлдирилишини «аксилсемит теракт» деб атади. Исроил махсус хизматлари Коганни Эрон томонидан ёлланган «уч нафар ўзбек агенти» ўлдирганини маълум қилган.