Исроил яна Ливан пойтахтига ҳужум қилди
ASTANА. Кazinform - Исроил армияси Ливан жанубида қуруқликдаги операцияни давом эттирмоқда ва шу билан бирга пойтахт Байрутдаги “Ҳизбуллоҳ” инфратузилма объектларига ракета ҳужумларини уюштирмоқда. BBC мухбирининг сўзларига кўра, “Байрут уруш майдонига айланди”.
Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Исроил Байрутнинг жанубий қисмига йирик ракета ҳужуми уюштирди ва “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмасига зарба берди.
Ярим соат давомида бирин-кетин зарбалар давом этди, деб ёзади Reuters гувоҳларга таяниб.
Ёнғин учқунларини бир неча километр узоқдан кўриш мумкин эди.
BBCнинг Байрутдаги мухбири шаҳарда камида олтита йирик портлаш содир бўлганини, улар орасида дронларнинг овози эшитилганини хабар қилди.
Зарбалардан бири ёқилғи қуйиш шохобчасига теккан бўлиши мумкин, деб ёзади BBC журналисти, у ерда олов осмонга кўтарилган ва видеода улкан оловни кўриш мумкин.
Байрутдаги CNN мухбири тунги зарбани сўнгги пайтлардаги энг катта ҳужум деб таърифлади.
Исроил мудофаа кучлари “Байрут ҳудудидаги “Ҳизбуллоҳ” террорчиларига алоқадор нишонларга ҳужум қилишаётганини” тасдиқлади. Ҳужумдан бир неча соат олдин ЦАХАЛ ўз режалари ҳақида огоҳлантириб, “тез орада” қайси ҳудудни нишонга олишини кўрсатиб, 500 метр радиусда яшовчи одамларни зудлик билан эвакуация қилишга чақирди.
Аэропорт яқинидаги ҳудуд шанба куни Исроил ракеталари билан урилган.
Шанба куни эрталаб Исроил қўмондонлиги “Ҳизбуллоҳ”нинг тоғли ҳудудлар, ўрмонлар ва аҳоли зич жойлашган ҳудудларида жойлашган “портловчи” қурол-яроғ омборлари йўқ қилинганини эълон қилди.
Бундан олдин Исроил Байрут марказига зарба бериб, 6 кишини ўлдиргани ҳақида ёзган эдик.