Исроил Байрут шаҳри марказига зарба берди: Ливан ҳукумати олти киши ҳалок бўлганини айтди
ASTANA. Kazinform – Чоршанба оқшомида Исроилнинг Байрут марказида уюштирган ҳаво ҳужуми оқибатида камида олти киши ҳалок бўлди, яна 11 киши яраланди, деб хабар беради Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Бу ҳақда ВВС ёзган.
Исроил Мудофаа кучлари аввалроқ Байрутдаги Ҳизбуллоҳ ташкилоти нишонини урганини эълон қилган эди. Ливан ахборот манбаларига кўра, зарба натижасида “Ҳизбуллоҳ”га тегишли тиббиёт муассасаси зарар кўрган.
Ливан пойтахтида ишлаётган BBC мухбирлари Байрут марказида кучли портлаш содир бўлганини хабар қилишди. Шаҳар жанубида учта портлаш, кейин яна иккита портлаш содир бўлди.
Журналистларга кўра, зарар кўрган бино Ал-Башура туманида, Ливан парламенти ва БМТнинг минтақавий штаб-квартираси яқинида жойлашган. Исроил армияси душанбага ўтар кечаси Байрут марказига биринчи ҳужумини бошлади, аввалроқ Ҳизбуллоҳ нишонлари тўпланган шаҳарнинг жанубий чеккасига ҳужум қилган.
Исроил ҳарбийлари тунда Ливан пойтахтидан жанубда жойлашган айрим ҳудудлар аҳолисини ЦАХАЛ уларга ҳужум қилишни режалаштираётгани сабабли уларни тарк этишлари ҳақида яна огоҳлантирди.
“Сиз Ҳизбуллоҳга тегишли нишонлар яқинидасиз, армия тез орада уларга қарши ҳаракат қилади”, – деди Исроил мудофаа кучлари вакили Авиҳаи Адраи.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, охирги кун ичида Исроил ҳаво ҳужумларида 46 киши ҳалок бўлган ва 85 киши жароҳатланган.
“Ҳизбуллоҳ” вакили чоршанба куни гуруҳ жангчилари “ўзини ҳимоя қилишга тўлиқ тайёр” ва Исроил армиясига қарши жанг қилиш учун етарли қуролга эга эканини айтди.
Чоршанба куни эрталаб Исроил мудофаа кучлари Ливан жанубидаги тахминан 25 қишлоқ аҳолисини эвакуация қилиш ҳақида огоҳлантирди.