Исроил қўшинлари Ғазо шаҳри марказига кирди

Исроил қўшинлари Ғазо шаҳри марказига кирди
Фото: Midjourney

Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант Исроил қўшинлари Ғазо шаҳрининг марказида жойлашганини маълум қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги BBCга таяниб.

Галлантнинг қўшимча қилишича, Исроил Мудофаа кучлари қуруқлик, ҳаво ва денгиз кучлари билан мувофиқлашган ҳолда шаҳарга шимол ва жанубдан бостириб кирган.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху аввалроқ қўшинлар Ғазо шаҳрини ўраб олиб, ичкарида ҳаракат қилаётганини айтган эди. Нетаньяху, шунингдек, ғазоликларни жанубга йўл олишга чақирди.

Нетаньяхунинг душанба куни Исроил урушдан кейин Ғазода хавфсизлик учун масъулиятни ўз зиммасига олишини таъкидлаганида айтган сўзларига сешанба куни унинг уруш кабинети аъзоси аниқлик киритди.

Стратегик ишлар вазири Рон Дермер “ВВC Жаҳон Хизмати Янгиликлар соатида” Нетаньяху Исроил анклавнинг қуролсизлантирилган ҳудуд бўлиб қолишига ишонч ҳосил қилишини ва ҳарбийлар у ерда ҳар қандай янги террор таҳдидига қарши кураш олиб боришини назарда тутганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Исроил бу ҳудудни қайта эгалламайди ёки бошқармайди.

Аввалроқ Ғазо жанубидаги Хон Юнис, Рафаҳ ва Дайр ал-Балоҳ шаҳарларига берилган авиазарбалар натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

ХАМАС бошқараётган соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ғазо секторида 10300 дан ортиқ одам, жумладан 4100 дан ортиғи болалар ҳалок бўлган. Исроилда 1400 киши ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ киши гаровга олинган.

Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Исроил ва Ғазо ўртасидаги можарода ўлганлар сони ва азоб-уқубат даражасини тасаввур қилиш қийинлигини айтди. Ташкилот вакили Кристиан Линдмайернинг айтишича, уруш бошлангандан бери тиббиёт муассасаларига 100 дан ортиқ зарба берилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти агентлиги вакили ҳар икки томондан қурбонлар сонига ишора қилиб, ҳозирда Ғазода ҳар куни ўртача 160 нафар бола ўлдирилаётганини айтди.

Сўнгги хабарлар