Исроил ҳаво ҳужуми натижасида Ғазо сектори марказида 70 киши ҳалок бўлди

ХАМАС томонидан бошқариладиган Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Исроил якшанба куни минтақанинг марказий қисмидаги ал-Мағози қочқинлар лагерига зарба берган. Камида 70 киши ҳалок бўлди, деб хабар беради Каzinform агентлиги.

Исроил ҳаво ҳужуми натижасида Ғазо сектори марказида 70 киши ҳалок бўлди
Фото: Midjourney

Вазирлик вакили Ашраф Ал-Қудранинг айтишича, минтақада кўп одамлар истиқомат қилаётганини ҳисобга олиб, қурбонлар сони ортиши мумкин.

Маълум қилинишича, ал-Мағозий қочқинлар лагерига ҳаво ҳужумидан сўнг ўнлаб жасадлар Ғазо секторидаги Ал-Ақсо шаҳидлари касалхонасига етказилган, деб хабар бермоқда AlJazeera.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг жума куни Ғазога ёрдамни ошириш тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинганидан бери ҳаво ҳужумлари кўлами янада ошди. Буни маҳаллий аҳоли ва Фаластин ОАВлари ҳам тасдиқлаб, Исроил Ғазо марказидаги ал-Бурайжга ҳаво ва қуруқликдан ҳужумларни кучайтирганини айтишган.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўзловчиси Ашраф Ал-Қудранинг сўзларига кўра, зарба аҳоли зич жойлашган турар-жой ҳудудини вайрон қилган.

Касалхонадан олинган дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлган 68 киши орасида камида 12 аёл ва етти бола бор.

Фаластин Қизил Ярим Ой Жамияти маълумотларига кўра, тез ёрдам бригадалари ва қутқарувчилар Исроил ҳаво рейдлари ал-Мағози, ал-Бурейж ва Нусейрат қочқинлар лагерлари орасидаги асосий йўлларни вайрон қилгани сабабли тўсиқларга дуч келди.

Исроил армияси Мағози шаҳрида қайд этилган ҳодисани кўриб чиқаётганини ва тинч аҳолига етказиладиган зарарни минималлаштиришга интилаётганини айтди.

“Ғазонинг тинч аҳоли пунктларида фаолият юритаётган ХАМАС террорчилари томонидан юзага келган қийинчиликларга қарамай, ЦАХАЛ халқаро ҳуқуққа, жумладан тинч аҳолига етказиладиган зарарни минималлаштириш учун амалий чоралар кўришга содиқдир”, – деди Исроил армияси.

ЦАХАЛ, шунингдек, ал-Мағозийга берилган зарбани текшираётганини айтди.

Уруш бошланганидан бери Исроил ўз тинч фуқароларининг ўлимида ХАМАСни айблаш позициясини сақлаб келади ва Фаластин гуруҳи ўзининг ҳарбий инфратузилмасини тинч аҳоли пунктлари орасида чуқур жойлаштирганини таъкидлайди.

Associated Press хабарига кўра, ХАМАС соғлиқни сақлаш идоралари кейинчалик ўлганларнинг дастлабки сонини 70 дан 68 гача қайта кўриб чиқди.

Душанбага ўтар кечаси Исроил ҳаво кучлари Ғазо секторининг марказий қисмида яна рейдлар ўтказди. Зарбалар ал-Мағози ва Бурейж қочқинлар лагерларига қаратилган бўлиб, яна қурбонлар бўлган. Охирги 12 соат ичида юзга яқин одам ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда, уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир.

7 октябрдан бери Исроил ҳужумларида 20 400 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. ХАМАСнинг 7 октабр куни Исроилга ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганларнинг қайта кўриб чиқилган сони 1139 кишини ташкил этади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг билдиришича, Ғазо секторидаги икки миллионга яқин аҳоли озиқ-овқат ва сув танқислигида. Мавжуд сув захираларининг тахминан 96% инсон истеъмоли учун яроқсиз. Асосий эҳтиёжлар, жумладан, тоза ичимлик суви ва дори-дармонлар кескин танқислиги кузатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ҳукумати Ғазо сектори жанубидаги аҳолини эвакуация қилишга буйруқ бергани хабар қилинганди. Шунингдек, қатор нашрлар Исроил ва ХАМАС ўртасида гаровга олинганларни алмашиш бўйича янги келишув бўйича музокаралар яқин келажакда бошланиши мумкинлигини ёзган, бироқ ХАМАС раҳбари Исроил билан сулҳ тузишдан бош тортган.

Сўнгги хабарлар