Исроил Ғазо секторига қуруқликдан бостириб киришга тайёрланмоқда

Исроил Ғазо секторига қуруқликдан бостириб киришга тайёрланмоқда
Фото: EPA-EFE

Бош вазир Биньямин Нетаньяху Исроил Ғазо секторига қуруқликдан бостириб киришга тайёрланаётганини айтди, бироқ бу қачон амалга ошишига аниқлик киритмади, деб хабар беради Kazinform агентлиги Financial Times нашрига таяниб.

Чоршанба оқшомида халққа телемурожаатида Исроил раҳбари ХАМАС жангари гуруҳига қарши “ерда, ер остида, Ғазода ва ундан ташқарида” курашишга ваъда берди, бироқ қуруқликдаги операция қачон ўтказилишини айтмади.

"Биз ёруғлик ўғилларимиз, улар эса зулмат ўғиллари", – деди Нетаньяху.

Унинг сўзлари Ғазо сектори билан чегарада Исроил қўшинларининг кенг кўламли жойлаштирилиши ва минтақада АҚШ ҳарбий кучларининг тўпланиши фонида янграган.

"Биз қуруқликка бостириб киришга тайёрланяпмиз. Қачон, қандай ва қанча [аскарлар бўлишини] аниқ айтмайман”, – деди Нетаньяху, ҳаммаси қора кийинган, исроилликларга прайм-тайм нутқида.

Нетаньяху қуруқликдаги босқин вақти ҳарбий вазирлар маҳкамасининг бир овоздан қабул қилинган қарори билан белгиланишини айтди.

"ХАМАСнинг барча аъзолари ўлади", – деб таъкидлади у.

Исроил раҳбари, шунингдек, 7 октябрь куни ХАМАСнинг ҳалокатли ҳужумларига сабаб бўлган хавфсизлик бўшлиқлари диққат билан текширилишини айтди. ХАМАС жангарилари Исроилнинг жанубий чегарасидаги аҳоли пунктларига бостириб кирди ва 1400 исроилликни, асосан тинч аҳолини ўлдирди. Нетаньяху содир бўлган воқеа учун жавобгарликни ҳам ўз зиммасига олишини қўшимча қилди.

АҚШ президенти Жо Байден, ўз навбатида, исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги статус-кво “6 октябрдагидек” бўлмаслигини айтди, деб ёзади BBC.

Байден аввалроқ бўлиб ўтган матбуот анжуманида Исроил “тинч аҳоли қурбонларини камайтириш” учун етарлича ҳаракат қиляптими, деган саволга “фаластинликлар айтаётган рақамларга ишончи комил эмаслигини” таъкидлади.

"Фаластинликлар қанча одам ўлдирилгани ҳақида ҳақиқатни гапиряптими ёки йўқлигини билмайман. Ишончим комилки, бегуноҳ одамлар ҳалок бўлди ва бу урушнинг оқибати”, – деди Байден чоршанба куни журналистларга.

Айни пайтда, Ғазо секторида ёқилғи тугаши сабабли шифохоналар фавқулодда хизматлардан бошқа барча хизматларни тўхтатмоқда. Исроил Ғазо секторига ёқилғи етказиб бериш йўлини тўсиб қўйди.

Сўнгги хабарлар