Исроил Эронга ҳаво ҳужумларини бошлади

ASTANA. Kazinform - Исроил ҳарбийлари Эрондаги ҳарбий объектларга “аниқ зарбалар” бераётганини маълум қилди, дея хабар беради Kazinform агентлиги BBC Newsга таяниб.

Исроил Эронга ҳаво ҳужумларини бошлади
https://www.bbc.com/russian/articles/cze3gx9e4n0o

Эрталаб соат 2 ларда ЦАХАЛ “Эрондаги режимнинг Исроилга қарши узлуксиз ҳужумлари” деб атаган нарсага жавобан “Эрондаги ҳарбий нишонларга аниқ зарбалар бераётганини” айтди.

1 октябрь куни Теҳрон Исроилга 200 га яқин баллистик ракета отганидан кейин Исроил ҳарбийларининг Эронга жавоби кутилган эди. Бу Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” шиалар гуруҳи етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг ўлдирилишига жавобан қилинган. У Исроил томонидан “Ҳизбуллоҳ”нинг Байрутдаги марказий қароргоҳига берилган зарба натижасида ҳалок бўлган.

Исроилнинг жавоб ҳужуми кўлами ҳозирча аниқ эмас, бироқ Исроил жамоат телевидениеси ўнлаб қирувчи самолётлар Эрон ҳарбий объектларига зарба берганини айтди, деб таъкидлади Reuters.

Теҳроннинг ғарби ва жануби-ғарбидаги бир қанча ҳарбий базалар Исроил томонидан ўққа тутилди, деб тасдиқлади Эроннинг Fars агентлиги.

NBC News ва ABC News телеканаллари Исроил расмийсига таяниб хабар қилишича, нишонга олинадиган жоларга энергия инфратузилмаси ёки ядровий иншоотлар киритилмаган.

Исроил телевидениесининг 12-каналига кўра, Исроил зарбаларининг асосий мақсади Эрон мудофаа саноатининг марказий ҳарбий иншоотлари, жумладан, ракета заводлари, дронларни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда баллистик ракеталарни учириш базаларидир.

Эрон давлат телевидениеси Теҳрон яқинида “кучли портлашлар” содир бўлганини хабар қилди.

Шу билан бирга, Эрон разведкаси вакиллари давлат телевидениесига кучли портлашлар овози “Эрон ҳаво мудофаа тизимининг фаоллашуви билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини” айтишди, деб ёзади Reuters .

BBC News форсий хизмати Теҳрондаги гувоҳларга таяниб хабар беришича, маҳаллий вақт билан соат 2:13 да Эрон пойтахти яқинида - жанубда Хомейний халқаро аэропорти яқинида ва Теҳрондан 40 км ғарбда жойлашган Караж шаҳрида ҳудудда 7 тадан 15 тагача портлаш содир бўлган.

AFP ахборот агентлигининг Эрон давлат телевидениесига таяниб хабар беришича, Теҳроннинг иккита аэропортидаги операциялар одатдагидек давом этмоқда.

BBC News форсий хизматининг қайд этишича, Эрон давлат матбуоти ҳозирда Исроил ҳужумлари ҳақиқий зарар келтирганини инкор этиб, уларни муваффақиятсиз деб атамоқда. Бироқ, бу Эрон ҳужумга учраганида стандарт жавобидир.

Эрталаб соат 4 дан кейин ҳужумларнинг иккинчи тўлқини бошланди. Reuters агентлиги маҳаллий ОАВга таяниб, Теҳрон шарқида яна тўртта портлаш овози эшитилганини маълум қилиб, пойтахтда “ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ҳамон фаол” эканини қўшимча қилди.

Эроннинг ярим расмий Tasnim ахборот агентлиги манбаларга таяниб хабар беришича, Эрон Исроилнинг ҳар қандай “тажовуз”ига жавоб беришга тайёр ва Исроил унинг ҳар қандай ҳаракатларига мутаносиб жавоб беришига шубҳа йўқ.

Сўнгги хабарлар