Исроил БМТ Бош котибнинг истеъфосини талаб қилмоқда ва унинг вакиллари учун визани бекор қилмоқда
Антониу Гутерриш сешанба куни Хавфсизлик Кенгашида қилган чиқишида, икки ҳафта олдин ХАМАСнинг Исроилга уюштирган ҳужумларини қоралаганини, бироқ бу ҳужумлар “бекорга содир бўлмаганини” айтди ва “Фаластин халқи 56 йилдан бери бўғувчи босқинчиликка дучор бўлди” дея қўшимча қилган.
У фаластинликлар "ўз ерларини доимий равишда аҳоли пунктлари ва зўравонликлар томонидан ютиб юборилганини, иқтисодиёти бўғилиб қолганини, одамлари кўчирилганини ва уйлари вайрон қилинганини" тасвирлаб берди.
“Аммо Фаластин халқининг норозилиги ХАМАСнинг даҳшатли ҳужумларини оқлай олмайди. Ва бу даҳшатли ҳужумлар Фаластин халқини жамоавий жазолашни оқлай олмайди”, – деди у.
Исроилнинг БМТдаги элчиси Гилад Эрдан Гутерришни “терроризмни оқлаш”да айблаб, уни зудлик билан истеъфога чиқишга чақирди.
Бундан ташқари, Эрдан кейинроқ БМТга сабоқ беришга ваъда берди, деб ёзади The Guardian. Исроил дипломати Гутерришни истеъфога чақиришдан ташқари, Исроил Бош котибнинг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитсга визани рад этганини айтди.
Times of Israel нашрининг хабар беришича, Исроил БМТнинг барча вакилларига визалар беришни чоршанба куни, Антониу Гутерриш эълон қилган куннинг эртасига тўхтатган.
"Унинг баёнотлари туфайли биз БМТ вакилларига виза беришдан бош тортамиз", – деб таъкидлади Эрдан.
Сешанба куни Исроил Ғазо секторига ҳаво ҳужумларини янада кучайтирди ва ўтган кун ичида 400 та зарба берди, жумладан жанубда тинч аҳолини эвакуация қилишни буюрди. ХАМАС томонидан бошқариладиган Ғазо сектори соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Исроил ҳаво ҳужумларида ўтган кун давомида юзлаб одамлар, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлган. Бедарак йўқолганлар ҳақида 1550 та хабар келиб тушган, улардан 870 нафари болалар. Даъвони мустақил равишда текшириб бўлмади.
7 октябрь куни 1500 га яқин ХАМАС жангариси Ғазо секторидан Исроил жанубига кириб келди. Улар аксарияти тинч аҳоли бўлган камида 1400 кишини ўлдирди ва яна 222 кишини гаровга олди.