Исроил армияси Ғазони тўлиқ қуршаб олди ва иккига бўлди

Исроил армияси Ғазони тўлиқ қуршаб олди ва иккига бўлди
Фото: Midjourney

Исроил ҳарбийлари ўз қўшинлари Ғазо шаҳри жанубидаги қирғоқ чизиғига етиб борганини маълум қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги BBCга таяниб.

Исроил армияси воизи Даниэль Хагари матбуотга Ғазо секторидаги амалиётлари ҳақида маълумот берди. Унга кўра, ЦАХАЛ кучлари Ғазо шаҳрини тўлиқ қуршаб олган.

Қўшинлар қирғоқ чизиғига етиб боришди ва Ғазо секторини "Шимолий Ғазо" ва "Жанубий Ғазо" га бўлишди.

Унинг қўшимча қилишича, Исроил Ғазо сектори шимолида ва Ғазо шаҳрида қуруқликдаги ҳужум операциясини давом эттиради.

ВВC Ғазо мухбири Рушдий Абуалуфнинг айтишича, якшанбага ўтар кечаси ҳаво ҳужумлари Исроил ва ХАМАС ўртасидаги можаро бошланганидан бери энг кучлиси бўлган. Унинг сўзларига кўра, зарбалар Ғазо шимоли-ғарбий қисмида тўпланган, у ерда Шати лагери деб ҳам аталадиган қочқинлар лагери бомбардимон қилинган.

Ғарбий Соҳилда жойлашган Фаластин маъмурияти соғлиқни сақлаш вазирлиги Ғазодаги уй-жойларнинг 50% дан ортиғи вайрон бўлганини маълум қилди. Ғазо сектори аҳолисининг 70 фоизга яқини кўчирилган. Беморларни қабул қилиши мумкин бўлган 35 та маҳаллий шифохонадан 16 таси ўз фаолиятини тўхтатди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлигининг Яқин Шарқдаги 45 та биноси зарар кўрди. Камида 7 черков ва 55 масжид ҳам зарар кўрган.

Paltel, Фаластин телекоммуникация компаниясининг айтишича, Ғазо секторида алоқа ва интернет хизматларида яна узилишлар юз берган. Бу, компаниянинг сўзларига кўра, аввал тикланган алоқа линиялари Исроил ҳужумларига учраганлиги билан боғлиқ.

Netblocks интернет-мониторинг гуруҳининг хабар беришича, якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 18:50 атрофида Ғазо секторида янги уланиш носозлиги юзага келган ва бу ҳудудга хизмат кўрсатувчи охирги йирик оператор Paltel учун жиддий оқибатларга олиб келган. Netblocks маълумотларига кўра, бу сўнгги ойдаги учинчи бундай узилишдир.

ХАМАС жангарилари Исроилда 1400 дан ортиқ одамни ўлдириб, 200 дан ортиқ одамни ўғирлаб кетганидан кейин Исроил Ғазо секторини бомбардимон қила бошлади.

ХАМАС томонидан бошқариладиган Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, 7 октябрдан бери Ғазо секторида 9700 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Сўнгги хабарлар