Испания суди Шакирани оқлади

ASTANА. Кazinform — Испания суди қўшиқчи Шакирани солиқ фирибгарлиги бўйича ишда оқлади ва нотўғри жаримага тортилган 55 миллион евродан ортиқ жарималарни унга қайтаришни буюрди. Фоизларни ҳисобга олган ҳолда, қайтарилиши керак бўлган умумий сумма 60 миллион еврони ташкил этади, деб хабар беради Associated Press.

Шакира
Фото: instagram.com/shakira

Иш 2011 йилдаги солиқ низоси билан боғлиқ эди. Мадрид суди Испания расмийлари қўшиқчининг мамлакатда солиқ резиденти эканлигини исботлай олмаган деган хулосага келди. Мамлакат қонунчилигига кўра, фуқаро мамлакатда йилига 183 кундан ортиқ вақт ўтказса, солиқ резиденти ҳисобланади. Суд маълумотларига кўра, солиқ органлари Шакиранинг 2011 йилда Испанияда атиги 163 кун бўлганлигини тасдиқлашга муваффақ бўлишган.

Солиқ органлари қўшиқчининг ўша пайтда Испания билан яқин алоқалари, жумладан, собиқ футболчи Жерар Пике билан муносабатлари ва унинг асосий иқтисодий фаолияти шу ерда амалга оширилганлигини таъкидладилар. Бироқ, суд Пике билан муносабатларни қонуний нуқтаи назардан никоҳ деб ҳисоблаш мумкин эмаслигини ва Шакиранинг "асосий фаолият маркази ва иқтисодий манфаатлари" Испанияда эканлигини исботловчи ҳеч қандай далил йўқлигини аниқлади.

— Фирибгарлик бўлмаган ва солиқ идоралари бунинг аксини исботлай олмадилар, чунки бу ёлғон эди, — деди Шакира адвокатлари томонидан эълон қилинган баёнотда.

Хонанданинг адвокати Хосе Луис Прада суд қарорини "катта зарар келтирган саккиз йиллик синов"нинг охири деб атади.

Бу Испанияда Шакира иштирокидаги ягона солиқ низоси эмас. 2023 йилда қўшиқчи прокуратура билан 2012-2014 йилларда 14,5 миллион евро солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича дастлабки келишувга эришди, айбловларни тан олди ва асосий сумма ва фоизлардан ташқари 7,3 миллион евро жарима тўлади.

Хонанданинг исми Мадонна ва Боно каби машҳурларнинг оффшор схемаларини фош қилган Paradise Papersда ҳам қайд этилган. Сўнгги ўн йил ичида Испания солиқ идоралари спорт юлдузларининг солиқ тўловлари устидан назоратни кучайтирдилар: футболчилар Лионель Месси ва Криштиану Роналду солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбдор деб топилди, аммо ҳақиқий қамоқ жазосига ҳукм қилинмади.

Эслатиб ўтамиз, Испания ижтимоий тармоқлардаги нафратни аниқлаш тизимини ишга туширди.