Қайта ишлаш саноати лойиҳалари 3 йилга айрим солиқлардан озод этилиши керак – ҚР Бош вазири

Алихан Смаилов
Фото: primeminister.kz

ASTANА. Кazinform - Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов солиқлар сонини 20 фоизга, солиқ бўйича ҳисобот бериладиган объектларни эса 30 фоизга қисқартиришни таклиф қилди.

Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, тадбиркорлик муаммоларини ҳал этиш учун Ҳукумат ҳузурида Маҳаллий тадбиркорлар кенгаши иш олиб боради. Шу билан бирга, “Атамекен” палатаси иштирокида ҳар ҳафта тадбиркорлар масаласи бўйича Ҳукумат доирасида маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда. Бундай ўзаро ҳамкорлик, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш чора-тадбирлари мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

“Солиқ солишнинг хизмат кўрсатиш моделига ўтишни таъминлаш зарур. Бу бизнесни қўллаб-қувватлашга кўпроқ эътибор беради. Миллий иқтисодиёт вазирлиги қўшилган қиймат солиғини қайтариш муддатини қисқартириш мақсадида қўшилган қиймат солиғини маъмуриятлаштириш усулларини қайта кўриб чиқиши керак. Ишлаб чиқариш саноатида янги лойиҳаларга туртки бериш учун нормаларни ишлаб чиқишни тезлаштириш ва айрим солиқларни 3 йил муддатга озод қилиш зарур. Солиқлар сонини 20 фоизга, солиқ бўйича ҳисобот бериладиган объектларни эса 30 фоизга қисқартириш керак”, — деди А. Смаилов Ҳукуматнинг бугунги йиғилишида.

Шу билан бирга, Смаилов маҳаллий тадбиркорларнинг йирик корхоналар атрофида ишлаши учун шароит яратиш зарурлигини айтди.

“Янги ишлаб чиқаришларни маҳаллийлаштириш ва уларнинг очилишига хизмат қилувчи оффтейк шартномаларидан фаолроқ фойдаланиш зарур. Офсет шартларидан фойдаланиш технологияларни узатиш ва қўшимча инвестицияларни жалб қилишга ёрдам беради. Саноат вазирлиги тегишли давлат органлари билан биргаликда бундай узоқ муддатли шартномалар тузишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқсин. Аввало, бизнес ижтимоий масъулиятли бўлиши керак. Меҳнат унумдорлигини ошириш, қайта ишлашни чуқурлаштириш, экспорт ҳажмини ошириш борасидаги ишларни давом эттириш зарур. Шунинг учун Миллий иқтисодиёт вазирлиги давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини кўрсатиш мезонларини аниқ белгилаб бериши керак”, — деди Бош вазир.

Сўнгги хабарлар