Ироқдаги тўйда ҳалок бўлганлар сони 113 кишига етди
Ироқнинг мамлакат шимолидаги Ниневия провинциясидаги Ҳамдания шаҳрида тўй маросимини қамраб олган ёнғин оқибатида 113 киши ҳалок бўлди, 150 дан ортиқ киши жароҳатланди, деб хабар беради Кazinform ХАА AlJazeeraга таяниб.
Хабар берганимиздек, сешанба куни соат 22:45 атрофида (Астана вақти билан чоршанба куни 01:45) Ҳамдания шаҳридаги Ал-Ҳайтҳам анжуманлар залидаги тўйхонада ёнғин содир бўлган.
“Ҳозирда 113 киши ҳалок бўлгани тасдиқланди”, – деди Ниневия губернатори ўринбосари Ҳасан ал-Аллақ.
Ироқ фуқаро мудофаа идоралари баёнотида айтилишича, зал “ўта алангали ва хавфсизлик стандартларини бузган” йиғма панеллар ёрдамида қурилган. Вазият пластмасса бўлган панелларнинг ёнғинидан чиқадиган заҳарли газлар туфайли янада оғирлашди.
“Ёнғин натижасида томнинг айрим қисмлари қулаб тушган”, – дейилади хабарда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга тадбир зали қурилишида қўлланилган тез ёнувчи материалларга тушган пиротехника сабаб бўлган. Бинода фавқулодда чиқиш йўллари, ёнғин ўчириш ускуналари ҳам бўлмаган.
Тўйга мингга яқин меҳмон ташриф буюрди. Ханин ва Риваан эр-хотин яраланганлар ёки ҳалок бўлганлар орасида эканлиги ҳали тасдиқланмаган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, улар тирик, аммо куйиш жароҳатлари олган.
"Улар рақсга тушмоқчи эдилар, кейин эса рақс учун шу нарсани ёқишди, бу эса аланга олди", – дея хабар беради Rudaw агентлиги тадбирда жароҳат олган аёлнинг сўзларини.
Ироқ Бош вазири Муҳаммад Шиа ал-Судани ўз қисқача баёнотида соғлиқни сақлаш ва ички ишлар вазирларини ёнғин қурбонларига ёрдам бериш учун барча қутқарув саъй-ҳаракатларини сафарбар этишга чақирди.
Бир қатор давлатлар Бағдод ва ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.
Ироқдан олинган хабарларга кўра, зиёфат залининг эгасини қўлга олиш учун операция давом этяпти.
AlArabiya ахборот агентлиги манбаларига таяниб хабар беришича, тўйхона эгаси ҳалокатли воқеадан кейин қочишга уринган.
Ироқ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Бағдод ва бошқа вилоятлардан Ниневияга юк машиналари тўла тиббий ёрдам юборилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ярадорларнинг аксарияти куйиш ва бўғилишдан зарар кўрган.
"Уларнинг аксарияти бутунлай ёниб кетган, баъзилари эса таналарининг 50-60 фоизи куйган", – деди вилоят соғлиқни сақлаш ходими Аҳмад Дубардани.
Ярадорлар Ироқ шимолидаги Ниневия ва курд минтақасидаги касалхоналарга ётқизилган, бир қисми эса ҳарбийлар томонидан Бағдодга етказилади. Минглаб ироқликлар қурбонлар учун қон топшираётгани айтилмоқда.