Иордания ҳаво ҳудудини вақтинча ёпди
ASTANА. Кazinform - Шанба куни Иордания фуқаро авиацияси бошқармаси минтақадаги кескинликнинг кучайиши муносабати билан барча кирувчи, учувчи ва транзит ҳаво кемалари учун ҳаво ҳудудини вақтинча ёпишга қарор қилганини маълум қилди.

— Расмийлар маҳаллий вақт билан соат 23:00 дан бошлаб Иордания ҳаво ҳудудини кирувчи, учувчи ва трансчегаравий парвозлар учун вақтинча ёпишга қарор қилди. Вазият мунтазам равишда янгиланади ва ўзгаришлар юзага келганда кўриб чиқилади, - дейилади баёнотда.
Давлат регуляторининг таъкидлашича, ушбу қарор фуқаро авиацияси хавфсизлигининг халқаро миқёсда эътироф этилган стандартларига мувофиқ хавфларни баҳолашдан сўнг қабул қилинган. Минтақада кескинлик кучаяётган бир шароитда Иордания ҳаво ҳудудида фуқаро авиацияси хавфсизлигини таъминлаш зарур.
Натижада халқаро аэропортдан учаётган 40 дан ортиқ рейслар бекор қилинди ва кечиктирилди, деб хабар берди Иорданиянинг ал-Мамляка телеканали.
Айрим ОАВлар Иорданияда фавқулодда ҳолат жорий этилгани ҳақида хабар беришди. Кейинроқ Иордания ҳукумати алоқа вазири ва ҳукумат матбуот котиби Муҳаннад ал-Мубайдин бу маълумотни рад этди.