Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми бўлиб ўтади

Самарқанд форуми
Фото: asianforum.uz

TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистонда «Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги ва барқарор ечимлар топиш» мавзуида халқаро форум бўлиб ўтади, деб хабар беради Kazinform агентлиги UzAга таяниб.

Маълум қилинишича, 2024 йил 13-14 июнь кунлари ўтказиладиган Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми доирасида офлайн ва онлайн тарзда учта ялпи мажлис ўтказилиши мўлжалланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизматидан маълум қилишларича, Самарқанд форумининг асосий мақсади – иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига таъсири билан боғлиқ масалаларни кенг кўламда ва ахборотлар таҳлили негизида атрофлича муҳокама қилишдир.

Таъкидланишича, форумда асосий эътибор иқлим ўзгаришларининг инсон ҳуқуқларига кўрсатадиган салбий таъсирини юмшатишга оид аниқ тавсия ва ечимлар тайёрлашга қаратилади. Бу борадаги мунозаралар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва ўзгараётган иқлим шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўмаклашадиган самарадор стратегия ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун турли соҳа мутахассисларига қулай майдон бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

Форумда 200 нафар мутахассис қатнашиши айтилмоқда. Хусусан, миллий ва хорижий экспертлар, иқлим бўйича мутахассислар, давлат ташкилотларининг иқлим ўзгариши муаммолари билан шуғулланадиган масъуллари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, илмий тадқиқот марказлари, компаниялар, ишбилармон доиралар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари нуфузли тадбирга таклиф этилган.

Сўнгги хабарлар