Индонезиянинг Airbus A320 учувчилари парвоз вақтида ярим соат ухлаб қолган
JAKARTA. Kazinform – Индонезия ҳукумати Airbus A320 самолётининг иккала учувчиси Сулавеси шаҳридан пойтахт Жакартага парвоз пайтида ухлаб қолгани сабабли Batik Air компаниясига нисбатан текширув бошлади. Тергов давомида учувчилар ишдан четлаштирилди, дея хабар беради Kazinform ВВСга таяниб.

Воқеа 25 январда содир бўлган. Индонезия транспорт вазирлигининг маълум қилишича, 32 ёшли капитан иккинчи учувчидан парвоздан тахминан ярим соат ўтгач, дам олиш кераклигини айтиб, бошқарувни қўлга олишни сўраган ва ухлаб қолган.
28 ёшли иккинчи учувчи рози бўлди, лекин ўзи ҳам ухлаб қолди. Кейинчалик у буни хотинига янги туғилган эгизак чақалоқларига қарашда ёрдам бераётгани билан изоҳлади.
Жакартадаги авиадиспетчерлар учувчилар билан боғланишга ҳаракат қилган, бироқ жавоб олмаган. Командир уйғониб, иккинчи учувчи ҳам ухлаётганини англагунига қадар сукунат 28 дақиқа давом этди. Шунингдек, у самолёт йўналишидан бироз четга чиққанини ҳам аниқлади.
Учувчилар Жакарта авиадиспетчерларга жавоб бериб, самолётни хавфсиз қўндирган.
Парвоз олдидан ўтказилган тиббий кўриклар иккала учувчи ҳам самолётни бошқаришга яроқли эканлигини кўрсатди.
Ҳодиса муносабати билан расмийлар Batik Air компаниясига қаттиқ ҳайфсан берди. Индонезия ҳаво транспорти департаменти бошлиғи М Кристи Энда Мурни авиакомпания экипажнинг дам олишига кўпроқ эътибор қаратиши кераклигини айтди.
Batik Air бу борада иш олиб бораётганини ва авиация маъмурларининг парвозлар хавфсизлиги бўйича барча тавсияларини бажариш мажбуриятини олганини маълум қилди.