Индонезияда зилзила оқибатида 46 киши ҳалок бўлди, юзлаб одамлар жароҳатланди

None
ASTANA. Kazinform - Душанба куни Индонезиянинг Ява оролида зилзила рўй берди ва ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда Kazinform ВВСга таяниб.

АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, 5,6 магнитудали зилзила Ғарбий Ява оролидаги Чианжур шаҳри яқинида 10 км чуқурликда содир бўлган.

Ер силкинишлари пойтахт Жакартадан 100 км узоқликда сезилган.

Шундан сўнг Индонезия пойтахтидаги кўп қаватли уйлардан одамлар эвакуация қилинди.

Индонезия ҳукумати зилзилалар яна содир бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Улар қурбонлар сони ортишини тахмин қилмоқдалар.

Зилзила содир бўлган жойда аҳоли зич жойлашган, уйлар ёмон қурилган.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, қутқарувчилар қулаган бинолардан одамларни эвакуация қилишга уринмоқда, улар аёл ва унинг боласини сақлаб қолишган.

Чианжур шаҳри маъмурияти раҳбари Герман Сухерманнинг маълум қилишича, ушбу табиий офатда камида 46 киши ҳалок бўлган.

«Жабрланувчилар турли туманлардан келишмоқда. 700 га яқин одам жароҳат олди», — деди Сухерман.

Табиий офатларни бошқариш миллий агентлиги маълумотларига кўра, Чианжур вилоятида ўнлаб бинолар зарар кўрган.

Улар орасида шифохона ва ислом мактаб-интернати бор.

Индонезияда зилзилалар тез-тез содир бўлади. Мамлакат Тинч океанидаги тектоник фаолликнинг «Олов ҳалқаси» минтақасида жойлашган.

Вақти-вақти билан орол давлатида ҳалокатли зилзилалар ва цунамилар содир бўлиб туради. 2018 йилда Сулавеси оролида табиий офат туфайли 2000 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди.

Фото: EPA

Сўнгги хабарлар