Индонезия ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмайди
«ФИФА президенти Жанни Инфантино ва Индонезия футбол ассоциацияси президенти Эрик Тохира ўртасидаги учрашувдан сўнг ФИФА Индонезия терма жамоасини U20 жаҳон чемпионатидан четлаштиришга қарор қилди», — дея маълум қилди ФИФА матбуот хизмати.
Чемпионат 20 майдан 11 июнгача Индонезияда бўлиб ўтиши керак эди, бироқ Исроил ёшлар терма жамоасининг иштироки баҳсларга сабаб бўлди. Индонезиядаги баъзи партиялар исроилликларнинг иштирок этиш ҳуқуқини рад этишди, чунки Исроил Фаластин тарафдори Индонезия билан дипломатик алоқаларга эга эмас.
Бали губернатори Ваян Костер жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросими олдидан Исроилнинг Балига ташриф буюришига кескин қарши чиққанлар қаторида эди. Якунда Индонезия президенти Жоко Видодо муаммога ечим топиш учун маҳаллий федерация раиси Эрик Тохирни Инфантино билан учрашишга юборишга қарор қилди. Кўриниб турибдики, икки томон бир тўхтамга келмаган.
«Мезбон давлат яқин орада маълум бўлади, мусобақа саналари ўзгаришсиз қолади», — дейилади ФИФА баёнотида.