Ҳиндистонда бир неча поездлар тўқнашиб, 288 киши ҳалок бўлди

None
Фото: Getty Images
ASTANA. Kazinform – Ҳиндистон шарқидаги Одиша штатида бир неча поезднинг тўқнашуви оқибатида ҳалок бўлганлар сони 288 кишига етди. 900 киши жароҳатланган, дея хабар беради Kazinform BBC Newsга таяниб.

«Шалимар-Коромандель» поезди маҳаллий вақт билан соат 19:00 атрофида релсдан чиқиб кетди, унинг бир қанча вагонлари «Есвантпур-Хаора» йўлида қолган. Қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган поезд аввал ушбу вагонлар билан, кейин эса йўлда турган бошқа юк поезди билан тўқнашган.

Бу Ҳиндистонда 1980 йиллардан бери содир бўлган энг даҳшатли темир йўл ҳалокати. Маҳаллий ҳокимият вакиллари хабарига кўра, қурбонлар сони яна ортиши мумкин.

Воқеа жойига 200 дан ортиқ тез тиббий ёрдам машинаси етиб келган, 100 дан ортиқ шифокор навбатчиликка сафарбар этилган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, омон қолган йўловчиларнинг аксарияти ағдарилиб кетган вагонларда қолиб кетган одамларга ёрдамга келган. Қутқарув ишлари давом этяпти.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва жароҳатланганларга ҳамдардлик билдириб, воқеа жойида қутқарув ишлари олиб борилаётгани, жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш учун барча имкониятлар яратилганини маълум қилди.

Ҳиндистондаги энг йирик темир йўл ҳалокати 1981 йилда Бихар штатидаги циклон пайтида содир бўлган. Ўшанда йўловчилар билан тўла поезд дарёга қулаган ва 800 га яқин одам ҳалок бўлган.

Сўнгги хабарлар