Ҳиндистон ва Покистонда кучли циклон арафасида 100 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди
Бипарджа бенгаль тилида «фалокат» деган маънони англатади. Синоптикларнинг башорат қилишича, Бипраджа пайшанба куни кечқурун Араб денгизини кесиб ўтиб, Ҳиндистоннинг Гужарат штатига етиб боради. Довул маҳаллий аҳолининг уйлари ва далаларини вайрон қилиши мумкин.
Айни пайтда Покистонда бўрон Синд провинцияси қирғоқларига етиб келди. Расмийлар жануби-шарқий соҳилдан 62 минг кишини эвакуация қилди ва 75 та лагерь қурди.
Покистоннинг иқлим ўзгариши бўйича вазири Шерри Реҳманнинг айтишича, првинциянинг 20 миллион аҳолиси бўлган энг йирик шаҳри Карачи хавф остида, бироқ шошилинч чоралар кўриляпти.
Метеорологларнинг маълумотларига кўра, бу кучли бўроннинг тезлиги соатига 135 километргача, шамол эса 150 километргача етади. Улар, шунингдек, сув тошқини кўтарилиши натижасида қирғоқбўйи ҳудудлари сув остида қолиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Расмийларнинг айтишича, Гужарат туманида поездлар қатнови тўхтатилган, Ҳиндистоннинг иккита энг йирик портлари Кандла ва Мундрада ҳам ишлар тўхтатилган.
Эслатиб ўтамиз, «Тауктаэ» циклони бу ҳудудга 2021 йил майда келган сўнгги кучли циклон эди. Ўшанда 174 киши ҳалок бўлган.