Икки йил давомида Қозоғистонда қанд лавлаги майдони кенгаяди

ASTANА. Kazinform – ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги яқин йилларда қанд лавлаги экиладиган майдонлар 40 минг гектарга етказилишини маълум қилди.

Қанд лавлаги
Фото: aksukant.kz

“Ўтган йили шакар ишлаб чиқариш ҳажми 221,1 минг тоннани ташкил этди, бу 2022 йилнинг шу даврига (2022 йилда 282,8 минг тонна) нисбатан 28 фоизга кам. Ҳукумат қарори билан 2022-2026 йилларда мамлакатимизда қанд саноатини ривожлантиришнинг комплекс режаси тасдиқланди. Мазкур ҳужжат доирасида лавлаги етиштириш майдонларини 38 минг гектарга етказиш, маҳаллий хомашёдан шакар ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 250 минг тоннага етказиш, импорт улушини 58 фоиздан 17 фоизга камайтириш, маҳаллий хомашё етказиб беришни 7 фоиздан 43 фоизга ошириш назарда тутилган”, — дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Кazinform агентлигига берган жавобида.

Комплекс режа асосида қанд лавлаги етиштиришни рағбатлантириш мақсадида лавлагини қайта ишлаш учун субсидия ставкаси 15 минг тенгедан 25 минг тенгега оширилди. Шу билан бирга, лавлагини қайта ишлаш учун берилган субсидиялар миқдори ўтган йилги 3,6 миллиард тенгедан жорий йилда 7,9 миллиард тенгега кўтарилди.

“Шунингдек, қанд лавлаги етиштириш учун қишлоқ хўжалиги техникаларига инвестиция субсидиялари улуши 25 фоиздан 50 фоизга кўтарилди. Лавлаги етиштирувчиларга баҳорги экиш учун имтиёзли кредитлар, имтиёзли дизель ёқилғиси, уруғлик, ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари учун субсидиялар ажратилмоқда. Йил охиригача маҳаллий хомашёдан 50 минг тоннага яқин шакар ишлаб чиқариш режалаштирилган”, - дейилади вазирлик ахборотида.

Сўнгги хабарлар