Ҳукумат раҳбари: Сув тошқинидан зарар кўрганларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолмайди
ASTANА. Кazinform – ҚР Бош вазири Олжас Бектенов Ҳукумат йиғилишида 2025-2029 йилларга мўлжалланган сув тошқинларининг олдини олиш режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

“Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари ва ҳокимликлар билан ҳамкорликда одамлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрсин. Ҳозирги шароитда энг муҳими фуқароларимиз ҳаётидир. Зарур ҳолларда эвакуация ишлари олдиндан амалга оширилиши керак”, — деди Ҳукумат раҳбари.
Олжас Бектенов, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ҳокимликлар ва бошқа куч тузилмалари билан ҳамкорликда сув босган аҳоли пунктларида авария-қутқарув ва шошилинч ишларни олиб бориш учун етарли миқдорда куч ва воситаларни тақдим этиш бўйича топшириқ берди.
“Ҳукуматлар Ақтўбе, Ғарбий Қозоғистон ва Қостанай вилоятларида содир бўлган сув тошқинларига эътибор қаратиши, мамлакатнинг шимолий, шарқий ва марказий ҳудудларида сув тошқинларининг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриши керак. Хатолардан сабоқ олиб, ишни янгича ва самарали ташкил этиш зарур. Шу билан бирга, амалга оширилаётган ишлар ҳақида аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш муҳим аҳамиятга эга. Кенг миқёсдаги сув тошқинларига олиб келган сабабларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар билан вазиятни тўлиқ таҳлил қилиш керак. Ҳар бир ҳудуд географик ва об-ҳаво хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда чора-тадбирлар режасини қайта кўриб чиқиши керак. Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тегишли давлат органлари ва ҳокимликлар билан ҳамкорликда 2025-2029 йилларга мўлжалланган сув тошқинларининг олдини олиш режасини ишлаб чиқишни топшираман. Бу ишга тажрибали соҳа мутахассислари жалб этилиши керак”, - деди у.
Бош вазир Фавқулодда вазиятлар, Миллий иқтисодиёт, Молия, Транспорт, Қурилиш, Сув ресурслари вазирликлари ҳамда вилоятлар ҳокимликлари табиий офат оқибатида етказилган зарар миқдорини зудлик билан аниқлаб, жабрланганларга моддий ёрдам кўрсатишни бошлаши зарурлигини таъкидлади.
“Ҳокимликлар маҳаллий жойлардаги жабрланган аҳолига компенсация алгоритми ва уй-жой қуришга ёрдам бериш тўғрисида алоҳида маълумот бериши керак. Зарар кўрганларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолмайди. Ҳаммага ёрдам берилади”, - деди Олжас Бектенов.