Хорижий давлатлардан тўғридан-тўғри сармоя киритиш бўйича Қозоғистон Марказий Осиёда етакчи ўринни эгаллайди – Президент
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича Марказий Осиёда етакчи ҳисобланади. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев қишлоқ хўжалиги ходимларининг биринчи форумида айтиб ўтди.
“Қишлоқ аҳлининг машаққатли меҳнати самараси кўриниб турибди, дейиш мумкин. Бу борада давлат томонидан тегишли ишлар амалга оширилиб, зарур ёрдам кўрсатилди. Эндиликда мамлакатимизда янги иқтисодий йўналиш доирасида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тизимли ишлар натижасида инфляция даражаси пасайиб, 2024 йилнинг январь-октябрь ойларида миллий иқтисодиётнинг ўсиши 4 фоиздан ошди ва яхши суръатларга эришди. Нонефт тармоқларини ривожлантириш орқали ижобий динамика кузатилмоқда. Бу муҳим жараён”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, ялпи ички маҳсулот ўсишининг учдан икки қисмидан ортиғи савдо, қайта ишлаш саноати, қурилиш ва қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Бу борадаги фаол ишларни давом эттириш керак.
“Қозоғистон хорижий давлатлардан тўғридан-тўғри сармоя киритиш бўйича Марказий Осиёда етакчи ҳисобланади. Жорий йилда етакчи халқаро рейтинг агентликлари Қозоғистоннинг жорий кредит рейтинги сармоявий ишонч даражасида эканлигини тасдиқлади. Сентябрь ойида Moody’s агентлиги Қозоғистоннинг узоқ муддатли рейтингини “Барқарор” даражасига кўтарди. Бу мустақил Қозоғистон тарихидаги энг яхши натижадир”, – деди Президент.