“Ҳизбуллоҳ” ХАМАС етакчиси ўлдирилганидан кейин Исроига қарши урушни кучайтиришини маълум қилди
ASTANА.Кazinform - Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи жума куни Исроилга қарши уруш кескинликнинг янги босқичига кираётганини маълум қилди. Эрон эса ХАМАС етакчиси Яҳё Синвар ўлдирилганидан кейин “қаршилик руҳи кучайишини” айтди.
“Ҳизбуллоҳ” Исроил билан зиддият кескинликнинг янги босқичига кираётганини маълум қилиб, тарангликнинг моҳияти яқин кунларда маълум бўлишини айтди. Исроил ҳарбийларига кўра, жума куни эрталаб Ливан жанубидан Исроил шимолига 15 га яқин ракета учирилган. Соҳил бўйидаги Акко шаҳри ва Исроил шимоли-ғарбидаги шаҳарларда ракета сиреналари янгради. Ҳарбийларга кўра, ракеталарнинг бир қисми уриб туширилган, қолганлари Исроил ҳудудига тушган.
2023 йил 7 октябрь куни Ғазо секторида уруш бошлаган ҳужум уюштирувчиси Синвар чоршанба куни Исроил кучлари томонидан Фаластин анклавида ўтказилган операцияда ўлдирилди. Бу бир йил давом этган урушда муҳим воқеа эди.
Ғарб етакчилари унинг ўлими можарога чек қўйишини айтишса, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху уруш ХАМАС жангарилари томонидан гаровга олинганлар қайтарилмагунча давом этишини айтди.
“Бугун биз ҳисобни тенглаштирдик. Бугун ёвузликка зарба берилди, аммо бизнинг вазифамиз ҳали тугамади”, - деди Нетаньяху пайшанба куни Синварнинг ўлими тасдиқланганидан кейин қилинган видеомурожаатида.
Июль ойида Теҳронда сиёсий етакчи Исмоил Хония ўлдирилганидан сўнг ХАМАСнинг олий етакчисига айланган Синвар сўнгги йигирма йил давомида Ғазо остидаги ХАМАС томонидан қурилган туннеллар лабиринтида яшириниб юргани айтилади.
Исроил расмийларига кўра, у чоршанба куни Ғазо жанубида унинг Синвар эканлигини билмаган исроиллик аскарлар томонидан отишмада ҳалок бўлган.