Хивада «Лазги» II халқаро рақс фестивали бўлиб ўтади
25-30 апрель кунлари Хива шаҳрида иккинчи маротаба «Лазги» халқаро рақс фестивали ўтказилади. Бу ҳақда ЎР Маданият вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Маданият вазирлигига кўра, 25-30 апрель кунлари Хива шаҳрида «Лазги» II халқаро рақс фестивали бўлиб ўтади. Ҳозиргача 18 та давлатдан рақс гуруҳлари фестивалда қатнашиш истагини билдирган. Ғолиблар диплом, статуэтка ва пул мукофоти билан тақдирланади.
Қайд этилишича, фестивални юқори савияда ташкил этиш мақсадида ташкилий ишчи гуруҳ тузилган ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги 50дан ортиқ дипломатик ваколатхоналари орқали чет элдаги ижодий гуруҳларни ЮНЕСКОнинг шафелигида ўтказилаётган мазкур фестивалга таклиф қилиш юзасидан ташқи ишлар вазирлигига сўров юборилган.
«Бугунга қадар 18 та давлат: Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбайжон, Индонезия, Миср, Беларусь, Россия, Сербия, Бразилия, Италия, Корея, Ҳиндистон, Франциядан йигирмата рақс гуруҳи фестивалда қатнашиш истагини билдирилган. Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Миср мамлакатларининг маданият вазирлари ҳамда ISESCO бош директори фестивалда фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши кутилмоқда», — дейилади вазирлик ахборотида.