Хитойнинг собиқ бош вазири Ли Кэцян вафот этди
Хитой давлат матбуоти собиқ бош вазир Ли Кэцян вафот этгани ҳақида хабар берди. 68 ёшли Ли Кэцян шу йил бошига қадар Си Цзиньпиннинг ҳукумат кабинетида ишлаган.

Хитой давлат телевидениеси хабарига кўра, 68 ёшли Ли Кэцян пайшанба куни ярим тунда юрак хуружига учраган ва “уни қутқариш учун қилинган барча уринишлар муваффақиятсиз бўлган”. Ўша пайтда у Шанхайда эди.
Ли Кэцян 2013 йилда бош вазир бўлди ва бир вақтлар Хитой Коммунистик партиясининг потенциал раҳбари ҳисобланган. Аммо кейин Си Цзиньпин олий раҳбар бўлди. Ли Кэцян шу йил бошида нафақага чиққунга қадар бош вазир лавозимида ишлаган.
Бош вазир сифатида Ли Кэцян давлат бюрократиясини ислоҳ қилиш ва хусусий иқтисодиётга аралашувни камайтириш тарафдори эди.
2020 йил 28 май куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ли Кэцян Хитойда 600 миллиондан ортиқ кишининг ўртача ойлик даромади 1000 юандан (тахминан 65 минг тенге) кам эканлигини таъкидлади.
Хитойлик интернет фойдаланувчилари Weibo сайтида Ли Кэцяннинг ўлими ҳақидаги хабарни катта қайғу билан қабул қилишганини ёзишди.
“(У) ҳамиша қалбимизда қолади”, – деб изоҳ қолдирган фойдаланувчилардан бири.
“Кутилмаган хабар келди. Самимий ҳамдардлик билдирамиз”, – деб ёзган Global Times Коммунистик партия газетасининг собиқ бош муҳаррири Ху Сижин.