Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажмининг ярми Қозоғистонга тўғри келади – ҚР Президенти

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Пекинга расмий ташрифи доирасида Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси Чжао Лэцзи билан учрашди, деб хабар беради Каzinform агентлиги Ақордага таяниб.

Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажмининг ярми Қозоғистонга тўғри келади – ҚР Президенти
Фото: Ақорда

Учрашувда Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон ва Хитой асрлар давомида мустаҳкам дўстлик ришталари ва ўзаро ёрдамга асосланган абадий ва ҳар томонлама стратегик шериклик руҳида муттасил мустаҳкамланиб бораётган намунали давлатлараро ҳамкорлик пойдеворини барпо этганини таъкидлади.

“Икки давлат ўртасида фаол ва ишончли сиёсий мулоқот мавжуд. Ҳукуматлар ва парламентлар даражасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йили биз мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янги “олтин 30 йиллигига” кирдик. Бугун Раис Си Цзиньпин ва Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан кенг қамровли музокаралар давомида биз ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятимизни тасдиқладик. Айни пайтда Хитойни Қозоғистоннинг асосий савдо шерикларидан бири ва иқтисодиётимизнинг энг йирик инвесторларидан бири дейиш мумкин. Келгусида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 40 миллиард долларга етказиш ниятидамиз. Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажмининг ярми Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади”, – деди Президент.

Ўз навбатида Чжао Лэцзи Қозоғистон-Хитой муносабатлари жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон Президентининг ташрифи чоғида Хитой томони билан муваффақиятли музокаралар олиб борилган. Шу билан бирга, Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари янада мустаҳкамланиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожланиб, икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.

Қасим-Жомарт Тоқаев ва Чжао Лэцзи Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш режалаштирилганини ижобий баҳолади ҳамда кенг кўламли икки томонлама ҳамкорлик муваффақиятли ривожланаётганини қайд этди.

Сўнгги хабарлар