Хитойлик инвесторлар Туркистонда пайпоқ ишлаб чиқаришни бошладилар
TÚRKİSTAN. Кazinform – Туркистон вилоятида бир кунда 2 та корхона очилди, 1 та завод капсуласи қурилди.

Бугун «TURKISTAN» саноат зонасида Қозоғистон ва Хитой инвесторларининг қўшма лойиҳасида пайпоқ ва пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ишга туширилди. Ушбу лойиҳанинг қиймати - 1 миллиард тенгени ташкил этади. Корхона кунига 32 минг жуфт пайпоқ ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, унда 30 та иш ўрни очилди.

Пайпоқ фабрикаси тўлиқ қувватга киргач, инвесторлар Туркистонда костюм ишлаб чиқариш лойиҳасини ҳам амалга оширади. Кунига 500 дона костюм тикилиши қувватига эга бўладиган ушбу лойиҳага 2,8 миллиард тенге сармоя киритилади.
Шунингдек, «TURKISTAN» саноат зонасида мебель ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди.
Бу ерда 50 га яқин янги иш ўрни яратилди. Замонавий, энг илғор технологиялар билан жиҳозланган цехда кунига 600 дона мебель ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Мазкур корхона вилоят мактаблари, болалар боғчалари, шунингдек, вилоятда очилаётган биноларни тўлиқ жиҳозлашга хизмат қилади.

Туркистондаги «TURAN» махсус иқтисодий зонасида сэндвич-панеллар ишлаб чиқарадиган янги заводнинг капсуласи қурилди.
Ушбу муҳим ва замонавий лойиҳанинг сармоявий қиймати 1,54 миллиард тенгени ташкил этади. 32 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Бу ерда сэндвич-панель, гофрокартон, металл плитка ва бошқа қурилиш материаллари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бугунги кунда завод қуриладиган ер майдони ажратилиб, тегишли ишлар бошлаб юборилган.
Маросимда вилоят ҳокими Дархан Сатибалди ва инвесторлар алоҳида иштирок этиб, жамоатчиликни табриклади.

– Давлатимиз раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг топшириғига кўра, вилоятимизда қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, шаҳар аҳолиси учун иш ўринлари яратишга хизмат қиладиган янги корхона қурилиши бошланиш арафасида. «Panel Sistem KZT» корхонаси лойиҳасининг ишга туширилиши вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга янги суръат бағишлаб, маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. Биз инвестицияларни жалб этиш, корхоналар ва иш ўринлари яратишга устувор аҳамият беряпмиз. Ишлар давом этади. Ташаббусга ривож ва муваффақиятлар тилайман!" – деди Дархан Сатибалди.

Яна бир янгилик, Туркистонда пандемия даврида фаолияти вақтинча тўхтатилган «Golden Camel» заводи яна ишлаб чиқаришни бошлади. Ишлаб чиқариш корхонасида туя ва бия сутидан қуруқ сут ишлаб чиқарилади. Айни пайтда бу ерда миллий ичимлик қайта ишланади, косметика маҳсулотлари, маиший кимё суюқликлари ишлаб чиқарилади.

Муаллиф: Қайрат Зайнишев