Хитойда Қозоғистоннинг маданий маркази очилиши режалаштирилган

ASTANA. Kazinform - Пекинга хизмат сафари чоғида Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева ва Хитой Халқ Республикаси Маданият ва туризм вазири Сунь Ели паритет асосда маданият марказларини ташкил этиш масаласини муҳокама қилди, дея хабар беради Кazinform ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги матбуот хизматига.

Хитойда Қозоғистоннинг маданий маркази очилиши режалаштирилган
Фото: ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги матбуот хизмати

Бугунги кунда Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар дўстлик, яхши қўшничилик ва узоқ муддатли стратегик шериклик руҳида фаол ривожланмоқда.

Қасим-Жомарт Тоқаев ва Си Цзиньпин 2022 йилда ХХРга расмий ташрифи доирасида паритет асосда маданият марказларини ташкил этиш бўйича келишувга эришдилар. Бу қадам мамлакатлар ўртасида маданий мулоқотни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, ҳар икки томоннинг маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истагини намоён этади.

Пекинга иш сафари чоғида Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева ва ХХР Маданият ва туризм вазири Сунь Ели юқоридаги келишувларни амалга оширишнинг боришини муҳокама қилдилар.

Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари музей ва кутубхоналар, мусиқа ва кино, тил ўргатиш ва бошқалар бўлади.

— Хитой ва Қозоғистон узоқ вақтдан бери стратегик иттифоқчилар, шунингдек, ўзаро ҳамкорликнинг барча спектри бўйича ҳамкорлардир. Бугунги учрашув ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди. Биз марказнинг очилиши билан боғлиқ барча масалаларни зудлик билан ҳал қилишда максимал даражада ёрдам берамиз, — деди Сунь Ели.

Сафар давомида Қозоғистон томони биноларни танлаш, мазмун-моҳият концепцияси, шунингдек, Хитойда Қозоғистон маданият марказини очишнинг ҳуқуқий жиҳатлари билан боғлиқ ташкилий масалаларни ишлаб чиқди.

Шу билан бирга, вазирлар икки вазирлик ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, театр ва концерт ташкилотларининг ўзаро гастрол сафарларини ташкил этиш, мумтоз адабиёт намуналарини ўзаро таржима қилиш ва нашр этиш бўйича ҳамкорликдаги ишларни кучайтириш бўйича қўшма ишларни назарда тутувчи маданият соҳасидаги шартномалар имзолаш орқали ҳамкорлик янада кенгайтирилади.

Аида Балаева ХХРдан архив материаллари ва маданий бойликларни қайтариш, хитойлик мутахассислар томонидан цирк санъати ва хореография бўйича маҳорат дарслари ўтказиш, кинематография, музей иши, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш, реставрация ва соҳаларда кадрлар тайёрлаш учун грантлар ажратиш муҳимлигини таъкидлади.

Хитой Халқ Республикаси Радио ва телевидение бўйича Бош давлат бошқармаси бошлиғи Цао Шумин. билан учрашув ҳам бундан кам аҳамиятга эга бўлди.

— Давлатларимиз раҳбарлари туфайли Қозоғистон-Хитой ҳамкорлиги барча соҳаларда жадал ривожланмоқда. Икки давлат телевидениелари қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширди. Биз янги форматдаги контентни, масалан, микросерияллар, мамлакатлар ҳақидаги видеоларни чиқариш ва уларни телевидение орқали эфирга узатиш орқали ишимизни кучайтиришни таклиф қиламиз, - дея таъкидлади Цао Шумин.

Аида Балаева Хитой телеканалларида бадиий, ҳужжатли ва анимацион фильмларнинг ротациясини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Қозоғистоннинг диққатга сазовор жойлари ва маданий обидалари ҳақида қўшма сериал ва видеороликлар яратишда ёрдам беришни таклиф қилди.

Вазир, шунингдек, дунёнинг энг йирик оммавий ахборот воситаларида эфирга узатиладиган Хитой телекўрсатувларида қозоқ маданият арбобларининг иштироки кўлами бўйича алоҳида қизиқиш борлигини таъкидлади. Бундан ташқари, томонлар ОАВ ва ахборот, телерадиоэшиттириш, аудиовизуал маҳсулотлар масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар лойиҳаларини кўриб чиқади.

Вазир Хитойнинг энг йирик медиа корпорацияси «Global China Media Corporation» Бош директори Шэнь Хайсюнь билан учрашувда томонларнинг маданий мероси ва маданий қадриятларини оммалаштиришга қаратилган ҳужжатли фильмлар суратга олиш бўйича шартнома тузишни таклиф қилди. Наврўз байрамини нишонлаш арафасида Хитой радиостанцияларида қозоқ куйларини бериш бўйича келишув амалга оширилади.

Хитой Халқ Республикаси Миллий ишлар бўйича давлат қўмитаси раиси жаноб Пань Юэ билан учрашувда Аида Балаева Қозоғистон тарихида илк бор “Бирлик” кўп миллатли қўшиқ ва рақс ансамбли ташкил этилганини маълум қилди.

Сўнгги хабарлар