Хитойда III “Бир макон, бир йўл” форуми бошланади
Форумнинг асосий мавзуси “Бир макон, бир йўл”нинг юқори сифатли қурилиши, умумий тараққиёт ва фаровонликка биргаликда эришиш” бўлади.
Хитой ТИВ маълумотларига кўра, 140 дан ортиқ давлат ва 30 та халқаро ташкилот вакиллари форумда иштирок этишларини тасдиқлаган. Ташкилотчиларга кўра, кенг кўламли тадбирда 4 мингдан ортиқ делегат иштирок этади.
17 ва 18 октябрь кунлари “Бир макон, бир йўл” форуми бўлиб ўтади. Сешанба куни форумнинг бизнес қисми, чоршанба куни эса расмий очилиш маросими бўлиб ўтади.
Тадбир доирасида логистика, экология ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга бағишланган учта юқори даражадаги кичик форумлар ўтказилади. Шу билан бирга, олтита тематик конференция ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, уларда ташқи савдо, маданий-гуманитар алоқалар, таҳлил марказлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, минтақалараро ва денгиз ҳамкорлигини ривожлантиришга оид масалалар муҳокама этилади. Дунёнинг энг йирик компаниялари раҳбарларининг учрашуви режалаштирилган.
– Форумнинг самарали ўтиши кутилмоқда, бу ҳам ҳужжатлар, ташаббуслар ва ҳамкорлик механизмларига, ҳам лойиҳалар, маблағ ва чора-тадбирларга тааллуқлидир. Умумий натижага кўра, учинчи форум аввалги икки форумнинг натижаларидан ошиб кетиши мумкин, деди Хитой ташқи ишлар вазири ўринбосари Ма Чжаосюй Xinhuaагентлигига берган интервьюсида.
Хитойлик дипломатнинг сўзларига кўра, III Форум давомида “Макон ва йўл” доирасидаги юқори сифатли ҳамкорликнинг истиқболдаги йўналишлари ва асосий йўналишларини белгилаб берувчи баёнот эълон қилиниши кутилмоқда. Шунингдек, кўп томонлама ҳамкорлик натижалари рўйхати ва амалий лойиҳалар рўйхати эълон қилинади, унда учта кичик форум ва олтита тематик конференция доирасида эришилган натижалар тақдим этилади.
2013 йилда Хитой “Бир макон, бир йўл” ташаббусини ташкил этувчи “Ипак йўли иқтисодий камари” ва “XXI аср денгиз ипак йўли” лойиҳаларини илгари сурди. Ўн йил давомида 150 дан ортиқ давлат ва 30 дан ортиқ халқаро ташкилотлар ушбу мегалойиҳани амалга оширишда Хитой билан ҳамкорлик қилиш бўйича ҳужжатларни имзолади.
Муаллиф: Руслан Сулейменов