Хитойда божхона ходимлари йўловчининг кийими остидан 21 та илон топди

ASTANA. Kazinform — Хитойнинг жанубидаги божхона органлари йўловчининг Шэньчжэнь чегараси орқали 21 та тирик илонни ноқонуний олиб ўтишга уринишининг олдини олди. Бу ҳақда Kazinform агентлигининг Пекиндаги мухбири Бош божхона бошқармасига таяниб хабар беради.

Змеи
Фото: Главное таможенное управление КНР

Ҳодиса Футянь чегара пунктидаги йўловчиларни текшириш залида содир бўлди. Божхона ходимлари декларация топширмасдан текширув ҳудудига кирган аёлни тўхтатди. Бунга унинг кенг ва узун шим кийгани ҳамда ғайритабиий тарзда юриши сабаб бўлган.

Текширув давомида инспекторлар аёлнинг ҳар икки болдирига скотч билан маҳкамланган қора тизза ҳимоя воситаларини топди. Ҳар бир ҳимоя воситасининг ичида тирик илонлар солинган учтадан қора пайпоқ бўлган. Текширув натижасида илонларнинг умумий сони 21 та экани аниқланди.

Шэньчжэнь божхонасининг ҳайвонлар ва ўсимликларни текшириш ҳамда карантиндан ўтказиш техник маркази мутахассислари мусодара қилинган судралиб юрувчилар илонлар оиласига мансублигини ва ушбу ҳудуд учун бегона тур эканини аниқлади.

Хитой божхона хизмати Миллий биологик хавфсизлик тўғрисидаги ҳамда ҳайвонлар ва ўсимликлар карантини тўғрисидаги қонунларга мувофиқ, бегона турларни рухсатсиз олиб кириш, шунингдек, тирик ҳайвонлар ва ўсимликларни чегара орқали олиб ўтиш ёки жўнатиш тақиқланганини эслатди.