Хитой шарқида зилзила оқибатида 126 та бино вайрон бўлди, ўнлаб одамлар жароҳатланди

Хитой сейсмология маркази маълумотларига кўра, Шаньдун провинцияси Дэчжоу шаҳри, Пинъюань уездида кучли зилзиладан кейин 50 дан ортиқ ер силкинишлари қайд этилган. Зилзиладан кейинги силкинишларнинг магнитудаси 3,0 ёки ундан кам бўлган.
Пекин вақти билан эрталабки 8:00 ҳолатига кўра, зилзила зонасида 21 киши жароҳатланган, 126 га яқин бино вайрон бўлган.
Якшанба куни Шаньдун провинциясида зилзиладан кейин поездлар ҳаракати қисман тўхтатилди.
Маҳаллий ҳокимият органлари маълумотларига кўра, алоқа ва электр таъминоти тизимлари меъёрида ишламоқда, нефть ва газ қувурларидан сизиб чиқиш ҳолатлари аниқланмаган.
Провинция ҳокимияти фавқулодда вазиятларни бартараф этиш чораларини бошлади. Зилзила эпицентрига ўт ўчириш ва қутқарув гуруҳлари жўнатилди.
Муаллиф: Руслан Сулейменов