Хитой Ляонин провинциясидаги сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун 30 млн юань ажратди
ASTANA. Kazinform — Ажратилган маблағ сув тошқини оқибатида зарар кўрган йўллар ва ижтимоий объектларни таъмирлаш, шунингдек, аҳолининг одатий ҳаёт тарзига имкон қадар тезроқ қайтишини таъминлашга йўналтирилади, деб хабар беради Синьхуа.
Хитой Давлат тараққиёт ва ислоҳотлар қўмитаси (ДТИҚ) мамлакатнинг шимоли-шарқида жойлашган Ляонин провинциясида кучли ёмғир ва сув тошқинидан кейинги тиклаш ишлари учун марказий бюджетдан 30 миллион юань (тахминан 4,4 миллион АҚШ доллари) ажратди.
Қўмита маълумотига кўра, ажратилган маблағ асосан зарар кўрган инфратузилмани, жумладан автомобиль йўллари ҳамда мактаблар каби ижтимоий объектларни тиклашга йўналтирилади. Бу маҳаллий аҳолининг меҳнат фаолияти ва кундалик ҳаётини мумкин қадар тезроқ изга тушириш имконини беради.
Жорий йилнинг тўққизинчи «Бави» тайфуни шимол томон силжиши оқибатида Ляонин провинциясида кучли ёмғир ёғиб, кенг кўламли сув тошқини юз берди. Табиий офатдан айниқса Шэньян ва Фушун шаҳарлари ҳамда бошқа аҳоли пунктлари қаттиқ жабр кўрди.
Аввалроқ, сешанба куни Хитойнинг Табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини камайтириш бўйича давлат қўмитаси Ляонин провинциясида тўртинчи даражадаги фавқулодда чора кўриш режими жорий этган эди.
Бундан аввал Хитой Халқ Республикаси Молия вазирлиги ва Хитой Халқ Республикаси Фавқулодда вазиятларни бошқариш вазирлиги ҳамкорликда табиий офатлардан жабр кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш бўйича марказий жамғармадан Фуцзянь ва Чжэцзян провинцияларидаги қутқарув ҳамда тиклаш ишларини қўллаб-қувватлаш учун 40 миллион юань (тахминан 5,88 миллион АҚШ доллари) ажратгани ҳақида хабар берилган эди.