Хитой қурғоқчилик ва сув тошқинларига қарши кураш учун 126 миллион доллар ажратди
BEIJING. Kazinform - Хитой ҳукумати мамлакатнинг жанубий ва шимолий ҳудудларида сув тошқинлари ва қурғоқчиликка қарши курашиш, шунингдек, жабрланган ҳудудларнинг табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун 916 миллион юан (тахминан 126 миллион доллар) ажратди. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Молия вазирлиги маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.
Шундан 499 миллион юан Гуандун, Фуцзянь, Гуйчжоу, Юньнань, Чжэцзян, Цзянси, Хунань, Хубэй провинциялари ва Гуанси-Чжуан автоном районини сув офатларига қарши курашда қўллаб-қувватлаш учун ажратилган.
Хэбэй, Шаньси, Цзянсу, Аньхой, Шаньдун, Хэнань, Шэньси и Ганьсу провинцияларида гидротехника ишларини қўллаб-қувватлаш ва қурғоқчиликка қарши курашиш учун 417 миллион юан ажратилган.
Хитой сув ресурслари вазирлиги ва Хитой метеорология бошқармаси чоршанба куни Гуйчжоу ва Цинхай провинцияларида тоғ сели бўлиши мумкинлиги ҳақида тўқ сариқ рангли огоҳлантириш эълон қилди.
Маҳаллий ҳокимият органларига маҳаллий аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича эҳтиёт чораларини кўриш, жумладан, реал вақт режимида мониторинг олиб бориш, сув тошқинлари ҳақида огоҳлантириш ва одамларни эвакуация қилиш тавсия этилади.
Хитойда тўрт даражали рангли кодли об-ҳаво ҳақида огоҳлантириш тизими мавжуд бўлиб, энг юқори хавф даражаси қизил ранг билан, кейин тўқ сариқ, сариқ ва кўк билан кўрсатилган.
Муаллиф: Руслан Сулейменов