Хитой Қозоғистондан чорвачилик маҳсулотларини олиб киришдаги чекловларни олиб ташлади

ASTANА. Кazinform – 2024 йил 7 февралдан бошлаб Қозоғистондан Хитойга парранда гўшти маҳсулотларини олиб киришда шу пайтгача амалда бўлган чекловлар олиб ташланди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Қишлоқ хўжалиги
Фото: ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати

Парранда гўшти маҳсулотларини олиб киришни тақиқлаш 2005 йилдан бери амалда бўлиб, 2022 йилда овсил касаллигига қарши чекловлар жорий этилган. Чекловларнинг олиб ташланиши музлатилган мол ва чўчқа гўшти, шунингдек, кенг ассортиментдаги паррандачилик маҳсулотларини Қозоғистон Республикасининг жануби-шарқий вилоятларидан Хитойга экспорт қилишни қайта йўлга қўйиш имконини беради.

Энг муҳими, Қозоғистон эндиликда экспорт товарлари тармоғини кенгайтириш бўйича ветеринария талабларини келишиш тартибини бошлаши, шунингдек, Қозоғистоннинг барча ҳудудидан корхоналардан экспорт қилиш учун розилик олиш ишларини бошлаши мумкин.

Тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги қарор Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 2023 йилда ХХРга расмий ташрифидан сўнг қабул қилинган. Давлат раҳбари ташрифи чоғида Қозоғистон Хитойга чорвачилик маҳсулотларини етказиб беришга тайёрлигини таъкидлади.

ҚР Бош вазири ўринбосари Серик Жумағарин ҳам қўшни давлатнинг тегишли тармоқлари билан бир қатор музокаралар олиб борди. 2023 йил ноябрь ойида эса ҚР Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров Хитой Халқ Республикаси Бош божхона бошқармаси раиси Юй Цзяньхуа билан расмий учрашув ўтказди.

2023 йилда Хитой томони парранда гриппи ва овсил касалликлари хавфини баҳолашни ўтказди.

Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Хитойга экспорт қилишга йўналтирилган корхоналар реестрини кенгайтириш бўйича ишларни давом эттиради. Ушбу тадбир Қозоғистон агробизнесига ўз маҳсулотларини Хитой бозорига чиқариш учун янги имкониятлар очади.

Сўнгги хабарлар