Хитой Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини оширишдан манфаатдор

ASTANА. Кazinform - Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров ХХРнинг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Чжан Сяо билан учрашди.

Хитой Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини оширишдан манфаатдор
Фото: ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати

Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, томонлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилган.

Вазир қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик Қозоғистон-Хитой муносабатларининг муҳим таркибий қисми бўлиб, бу мамлакатлар ўртасидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосига ижобий туртки беришини таъкидлади. 2023 йилда агросаноат комплекси маҳсулотларининг айланмаси 1,6 бараварга ўсди ва 1,3 миллиард доллардан ошди. Бундан ташқари, кейинги йилларда Хитой халқининг органик ва экологик тоза Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини истеъмол қилишга бўлган талаби ортиб бормоқда. Ўтган йили Хитойга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 2 баробар ошиб, 1,01 миллиард долларни ташкил этди.

“Хитой бозори ҳам Қозоғистон ғалласини экспорт қилишга катта қизиқиш билдирмоқда. Йиллик етказиб бериш ҳажмини 2 миллион тоннага етказиш имкониятимиз бор”, — деди Айдарбек Сапаров.

Қишлоқ хўжалиги вазири Чжан Сяодан жорий йилда янги турдаги товарлар экспорти бўйича келишув ва икки томонлама ҳужжат имзоланишини тезлаштиришга ёрдам бериш сўралган. Бу музлатилган гўшт, паррандачилик маҳсулотлари, қўшимча маҳсулотлар, лавлаги ва картошка маҳсулотларидир.

Шунингдек, Айдарбек Сапаров Хитойга экспорт қилиш учун чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган Қозоғистоннинг янги корхоналарини аккредитациядан ўтказиш масаласини ҳал қилишда элчининг ёрдами зарурлигини айтди.

Айдарбек Сапаров Хитой Ҳукуматига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини текшириш учун лаборатория ускуналари етказиб беришга розилик бергани учун миннатдорлик билдирди. Қозоғистон ускуналарни имкон қадар тезроқ мамлакатга етказиш учун Хитой томони билан ҳамкорликда жиҳозларни етказиб бериш механизмларини муҳокама қилишга тайёр.

Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари хитойлик ишбилармонларни қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва чуқур қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни, жумладан, ишлаб чиқариш кооперацияси тамойилларини ташкил этишни таклиф қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Қозоғистон Ҳукумати ҳамкорликда ишлаш учун шароит яратади.

Ўз навбатида, Чжан Сяо вазирга Хитой Қозоғистондан гўшт, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг узлуксиз импортини таъминлашда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди. Хитой бозорининг ҳажмини ҳисобга олиб, Қозоғистондан импорт ҳажмини ошириш учун катта имконият борлигини айтди.

Бундан ташқари, Хитой Халқ Республикаси агросаноат комплекси соҳасида ҳамкорлик бўйича кичик қўмита ташкил этиш бўйича ишларни назорат қилишни таклиф қилмоқда. Платформа доимий асосда қўшма ташрифлар ташкил этиш ва Қозоғистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ваколатли идоралари ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасининг долзарб масалалари бўйича мунтазам бевосита алоқаларни ўрнатиш имконини беради. Низом лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Хитой томони уни май ойида Қозоғистонда бўлиб ўтадиган ШҲТ вазирлар кенгашида имзолашни таклиф қилди. Чжан Сяо, шунингдек, Шимолий Қозоғистон вилоятида янги технологиялар билан жиҳозланган замонавий гўштни қайта ишлаш корхонасини қуриш таклифи билан чиқди.

Учрашув якунида икки томон ҳам музокаралар Қозоғистон ва Хитой ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ёрдам беришига ишонч билдирди.

Сўнгги хабарлар