Хитой Қирғизистонга 200 миллион юан миқдорида грант ажратади
BISHKEK. Kazinform - Хитой ҳукумати Қирғизистон Вазирлар кабинетига лойиҳалар бўйича келажакдаги келишувларни амалга ошириш учун умумий қиймати 200 миллион хитой юанига тенг молиявий ёрдам кўрсатади, деб хабар беради Кazinform агентлиги.
Ҳукумат матбуот хизмати хабарига кўра, Пекинда Қирғизистон Республикаси Вазирлар кабинети раиси ўринбосари – сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Бахит Торобоевнинг Хитой Халқ Республикасининг Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт давлат агентлиги директори Ло Чжаохуэй билан учрашувида икки давлат ҳукуматлари ўртасида келгусидаги лойиҳа келишувларини амалга ошириш учун жами 200 миллион хитой юани миқдорида ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим имзоланди.
Грант асосида бериладиган маблағлар Қирғизистон Республикаси ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси ҳукумати ўртасидаги келишувга мувофиқ икки томонлама техник-иқтисодий ёрдам лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик доирасида ажратилади.
Аввалроқ Ислом тараққиёт банки Қирғизистонга “Арзон уй-жойларни шариат меъёрлари бўйича молиялаштириш” лойиҳаси доирасида 79 миллион доллар ажратгани хабар қилинган эди.
Муаллиф: Гулмира Абдраҳманова