Хитой ишлатилган автомобиллар савдосининг сезиларли ўсишини башорат қилмоқда

PEKIN. Kazinform - 2027 йилга бориб фойдаланилган автомобиллар олди-сотдиси ҳажми 45 фоизга ошади. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши томонидан эълон қилинган ускуналарни янгилаш ва истеъмол товарлари савдоси дастурлари бўйича чора-тадбирлар режасида айтилган, деб хабар беради Kazinform мухбири.

автомобиль
Фото: Kazinform

Режага кўра, 2027 йилга келиб, 2023 йилга нисбатан автомашиналарни қайта ишлаш ҳажми қарийб икки баравар кўпаяди ва фойдаланилган автомобиллар олди-сотдиси ҳажми 45 фоизга, фойдаланилган маиший техника воситаларини қайта ишлаш улуши эса 2023 йилга нисбатан 30 фоизга ошади.

Ҳужжатга кўра, шунингдек, 2027 йилга бориб саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт, таълим, маданият, туризм ва соғлиқни сақлаш каби тармоқларга ускуналарга йўналтирилган инвестициялар ҳажмини 2023 йилга нисбатан 25 фоиздан кўпроқ ошириш керак.

2023 йилда Хитойда янги автомобиллар сотуви биринчи марта 30 миллион донадан ошди, бу ўтган йилга нисбатан 12 фоизга кўп. Мамлакатда фойдаланилган автомобиллар савдоси ҳажми 18,41 миллион донага (+15 фоиз) етди.

Хитойда автомобиль эгалари сони 340 миллионга етди, бу кўрсаткич бўйича мамлакат дунёда биринчи ўринда туради. Совутгичлар, кир ювиш машиналари ва кондиционерлар каби маиший техниканинг асосий тоифалари сони 3 миллиард донадан ошади. Савдо вазирлиги маълумотларига кўра, баъзи маиший техникалар 10 ёки 20 йилдан ортиқ вақт давомида ишлатилган.

Аввалроқ Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги 2024 йилни “Истеъмолни рағбатлантириш йили” деб эълон қилишни таклиф қилган эди.

Сўнгги хабарлар