Хитой дунёдаги энг катта қуёш электр станциясини ишга туширди

Қытай
Фото: CHINA NEWS SERVICE

ASTANA. Kazinform – Хитойда ер юзидаги энг улкан, майдони Нью-Йорк билан тенг бўлган қуёш электр станцияси ишга туширилди. Бу ҳақда Independent хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, станция йилига 6 миллиард киловатт-соатдан ортиқ энергия ишлаб чиқаришга қодир ва бу ҳажм кичик бир мамлакатни энергия билан тўлақонли таъминлаш учун етарли. Мазкур электр станцияси Шинжоннинг ғарбий қисмидаги чўл ҳудудида жойлашган бўлиб, 200 минг гектар майдонни эгаллайди.

Қайд этилишича, Хитой бугун қуёш энергиясини ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиси бўлиб, 2023 йилда ўз қувватини 50 фоиздан кўпроққа оширган. Янги қуёш электр станцияси Хитойда жойлашган Ningxia Teneggeli ва Golmud Wutumeiren лойиҳаларини ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик станцияга айланди.

Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) ҳам Хитойнинг энергия сиёсатига оид айрим тахминларни ишлаб чиққан. Унга кўра, Чин ўлкаси 2028 йилга келиб бутун дунё бўйлаб ишлаб чиқариладиган қайта тикланувчи энергиянинг қарийб 60 фоизига эгалик қилади. Бундан ташқари, Хитой 2030 йилга келиб дунё учун зарур бўлган янги қувватларнинг ярмидан кўпини ишлаб чиқаришни ҳам режалаштирмоқда.

Longi Green Energy Texnology’нинг 2023 йилги ҳисоб-китобларига кўра эса, яқин келажакда Хитой томлар ва биноларга қуёш панелларини ўрнатиш орқали бутун Жануби-Шарқий Осиёдаги барча уй хўжаликларини қувватлантириш учун етарли миқдорда электр энергияси ишлаб чиқаради.

Шу билан бирга, Хитойда қуёш панеллари ишлаб чиқаришнинг жадал тарзда кенгайиши глобал бозорда ортиқча энергия ҳосил қилиши ва олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни ҳам кучайтирмоқда.

Сўнгги хабарлар