Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашига раислик қилади
Хитой Халқ Республикасининг БМТдаги доимий вакили Чжан Цзюнь раислигида БМТ Хавфсизлик кенгашининг ички маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди, унда мазкур органнинг август ойи учун иш режаси тасдиқланди.
Режага кўра, август ойида БМТ Хавфсизлик кенгаши Яман, Сурия, Ливия, Яқин Шарқ, Фаластиндаги муаммолар ва терроризмга қарши кураш каби қатор масалаларни кўриб чиқади. Хитой томонининг ташаббуси билан Хавфсизлик Кенгаши, шунингдек, «Умумий хавфсизликни таъминлаш» ва «Африка давлатларининг салоҳиятини ошириш» мавзуларида иккита махсус йиғилиш ўтказади.
Вакилнинг сўзларига кўра, Хитой БМТнинг ривожланиш дастурини илгари сурмоқда. Хитой БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, глобал озиқ-овқат инқирози, тенгсизлик ва ривожланишдаги номутаносибликни бартараф этишга ҳисса қўшиш имконини берувчи Глобал тараққиёт ташаббусини илгари сурди.
Чжан Цзюнь Хитой ҳар доим БМТ олдидаги молиявий мажбуриятларини фаол бажарганини тасдиқлади. ХХР БМТнинг мунтазам бюджети ва тинчликпарварлик операциялари бюджетига тўланадиган бадаллар бўйича иккинчи ўринда туради.
Фото: оld.vecher.kz