Хитой бизнеси Қозоғистонга яна миллиардлаб доллар инвестиция киритишга тайёр

ASTANA. Kazinform — Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Hong Kong Sino-Science Oil and Gas компанияси раҳбари Инь Цайван, VNET Group раҳбари Чэнь Шэн, Shanghai Junhe Atomic Technology раҳбари Тянь Цзяшу ва Silk Road Finance Corporation раҳбари Ли Шань билан учрашди.

Токаев отметил высокий уровень доверия китайского бизнеса к Казахстану
Фото: Акорда

Учрашув доирасида энергетика, рақамлаштириш ва молия соҳаларидаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик мазмунини технологик ва саноат нуқтаи назаридан янада бойитиш муҳим эканига эътибор қаратди. Президентнинг айтишича, Хитойнинг етакчи компанияларининг мамлакатимизга кириб келиши Қозоғистонга бўлган ишонч юқори эканидан далолат беради.

Қасим-Жомарт Тоқаев Инь Цайван ва у раҳбарлик қилаётган компанияга «Қозоғистон — Хитой» инвестиция форумини ташкил этишга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Hong Kong Sino-Science Oil and Gas компанияси Қозоғистонга 3 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритиб, нефть-газ соҳасидаги асосий корхоналардан бирига айланганини таъкидлади.

Суҳбат давомида VNET Group директорлар кенгаши ижрочи раиси Чэнь Шэн Маълумотларни қайта ишлаш марказлари водийси ва сунъий интеллект инфратузилмасини яратиш ишларида иштирок этиш ниятини билдирди.

Президент Қозоғистон Хитой компаниялари билан инвестицияларни жалб этиш, технологияларни маҳаллийлаштириш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, иқтидорли кадрларни қўллаб-қувватлаш ва компетенциялар марказини ташкил этиш каби асосий йўналишларда яқин ҳамкорлик ўрнатишга тайёр эканини тасдиқлади.

Shanghai Junhe Atomic Technology компанияси билан технологик ҳамкорлик доирасида атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш истиқболли йўналиш сифатида қайд этилди. Бунда табиий уранни қайта ишлаш ва ядровий ёқилғи ишлаб чиқаришдан тортиб, кичик модулли реакторларни ўрнатишгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини яратиш муҳим аҳамиятга эга.

Хитой компаниялари раҳбарлари Қозоғистонда инвестиция муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга, шунингдек, мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо берди. Улар давлат институтларини такомиллаштиришга қаратилган чораларни мамлакатдаги узоқ муддатли барқарорлик белгиси сифатида қабул қилишларини таъкидлади.

Хитой компаниялари вакиллари анъанавий энергетика сектори билан бир қаторда, мамлакат тараққиётига қаратилган бошқа соҳалар ва лойиҳаларга инвестициялар ҳажмини оширишга тайёр эканини билдирди.