Ҳиндистондаги сув тошқинидан ҳалок бўлганлар сони 100 нафарга яқинлашди
ASTANA. Kazinform — Ҳиндистоннинг шимоли-шарқидаги Ассам штатида юз берган сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганлар сони 97 нафарга етди. Бу ҳақда штатнинг Табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бошқармаси маълум қилди, деб хабар беради БЕЛТА.
“Табиий офат оқибатида ҳалок бўлганларнинг умумий сони 97 нафарга етди. Шунингдек, 15 та туманда жабрланганлар сони 168 минг кишидан ошди”, — дейилади бошқарма маълумотида.
5 августда 14 та туманда қарийб 160 минг киши сув тошқинидан жабр кўргани ҳақида хабар берилган эди. Ҳозирда штатнинг 6 та туманида вақтинча жойлаштириш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 133 та лагерь фаолият юритмоқда. Уларда эвакуация қилинган қарийб 45 минг нафар аҳоли бошпана топиб, зарур ёрдам олмоқда.
Бошқарма маълумотига кўра, 481 та аҳоли пункти ҳанузгача сув остида қолмоқда. Шунингдек, умумий майдони 14 382,26 гектар бўлган экин майдонларини сув босган. Айрим туманларда тўғонлар, йўллар, кўприклар ва бошқа инфратузилма объектлари зарар кўрган. Табиий офат оқибатида штат бўйлаб 41 475 бош чорва моллари ва паррандалар ҳам зарар кўрган.
Бундан бир ой аввал Ҳиндистоннинг ғарбий қисмидаги Маҳараштра штатида кучли муссон ёмғирлари сабаб юзага келган кўчкилар ва сув тошқинлари оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, яна 10 киши жароҳат олган эди.